Динейра мухлислари учун узоқ кутилган тарона премьераси
Бир неча йиллардан буён санъат оламида хонанда ва актриса сифатида яхши таниш бўлган Динейра шу кунларда кўплаб мухлисларнинг соғинчига сабаб бўлмоқда. Қўшиқлари билан доимо мухлисларини хушнуд этиб келган ижодкорнинг танаффуси бироз чўзилиб кетиб, натижада турли саволлар пайдо бўлмоқда.
Балки Динейра ҳам соғинч ҳиссини ҳис қилган ҳолда, янги қўшиғини айнан шу мавзуга бағишлагандир?! Бугун хонанда томонидан тақдим этилган тарона "Соғинаман" дея аталади.
"Ўзбегим Таронаси" радиоси орқали илк бора жаранг сочган қўшиқ Динейра ижодида алоҳида ўрин тутишини маълум қилди. "Соғинаман" номли қўшиқнинг матни Динейранинг ёшлик давридаги дўсти Санжар Джарбердиев томонидан ёзилган. Айтиш керак, Санжар ёш бўлса-да, ўз истеъдоди билан тез орада санъаткорлар оарсида ҳам машҳурликка эришса, ажаб эмас. Бугунги премьера унинг учун ҳам ҳаяжонли дақиқаларга бой бўлди, десак адашмаган бўламиз. Таронанинг мусиқасини Жасур Абдураҳмонов басталаган бўлса, аранжировка муаллифи Сергей Раҳматовдир.
Динейрага хос рақсбоп йўналишда ва ёқимли оҳангдаги тарона тинловчиларнинг ижобий фикрларига эга бўлиб, олқишларга сазовор бўла олди. Аксарият тинглочилар янги қўшиқ ила Динейрага ўз эзгу тилакларини изҳор этишди. Таронанинг матни ҳам алоҳида эътироф этиб ўтилди.
Динейра унга илҳом бағишловчи баҳор фаслида кетма-кет янги қўшиқлар тақдим этишга тайёрланаётганлигини маълум қилди. Хозирча сайтимиз орқали Динейра ижросидаги "Соғинаман" таронасини тинглаб, баҳо беринг!