ИЗЗАТИЛЛА ИБРАГИМОВДАН КУТИЛГАН ТАРОНА ПРЕМЬЕРАСИ
Бугун соат 18:20 да “Ўзбегим таронаси” радиосида интиқлик билан кутилган таронанинг премьераси бўлиб ўтди. “Хўжа” гуруҳи яккахон хонандаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Иззатилла Ибрагимовнинг “Дўстларим” қўшиғи FM 101 тўлқини орқали жаранг сочди.
Аввалида таронани эркакларга манзур келиши кутилган эди. Премьерадан сўнг кетма-кет қўнғироқларда нафақат эркаклар учун, балки аёлларга ҳам жуда маъқул келганлиги тингловчилар томонидан эътироф этилди.
Айниқса, таронага “Ёшлик йилларини эслатувчи!”, “Дўстларим борлигига яна бир карра ишонтирди!”, “Мактаб чоғларидаги қувноқ даврлар ёдга тушди...” каби мухлисларнинг берган таърифларидан қўшиқ ва шеър тўғри танлаганлигига хонанданинг ўзи ҳам амин бўлди.
Шуни айтиш керакки, ҳақиқатдан ҳам тингловчилар Иззатилла Ибрагимовдан янги тароналарни соғинишган экан. “Дўстларим” қўшиғи хонанданинг мухлислари учун ҳақиқий совға бўлди десак адашмаган бўламиз. Эслатиб ўтамиз, яқин дўстларига аталган қўшиқ муаллифи Алишер Таир, аранжировка эса Жасур Бадалбоев томонидан яратилган.
Хонандага мухлислар СМС орқали кўплаб саволларни ҳам ёғдиришди. Қачон концерт дасутрини уюштириши, янги клип, янги ғоялар хусусида... Иззатилла Ибрагимов бу саволларга жавоб берар экан, тез орада ўзиниг яккахон концерт дастурини тақдим этиш ҳақидаги янгиликдан бохабар этди. Буни Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг концерт дастурида бўлганида дилига тугиб, ният қилганлиги тўғрисида ҳам очиқ-ойдин айтиб ўтди.
Самимий ва қизғин ўтган суҳбатни бошловчи Дилмурод Ғуломов олиб борди.
Қайд этиб ўтиш даркор, “Дўстларим” таронаси хонанда ижодида янгича йўналишда куйланган.