Мадина Мумтоз ва Баҳодир Низомовдан дуэт тарона
Шоу-бизнесда ўз ўрнига эга хонанда, кино оламида ҳам кўзга кўринган истеъдодли актриса, фарзанд тарбияси билан банд бўлса-да, санъатини тўхтатмаган ҳолда ижод қилаётган Мадина Мумтоз янги-янги ижод намуналари билан мухлисларини ҳушнуд этишдан чарчамайди.
Бугун “Ўзбегим таронаси” радиосида Мадина Мумтознинг янги қўшиғи, яъни истеъдодли ижодкор Баҳодир Низомов билан биргаликда куйлаган дуэти премьераси бўлиб ўтди. Бу ижодкорни кўпчилик танимаслиги мумкин, аммо санъат аҳли Баҳодирнинг ижоди билан яхши таниш. У бир қатор хонандалар билан ҳамкорлик қилади, жумладан Зиёданинг “Севади ёрим”, “Нега-нега”, “Ҳаёлим” каби хит қўшиқлари муаллифидир.
Радиоэфирда илк бора жаранг сочган тарона “Недан” деб ном олган бўлиб, у Мадинанинг аввалги қўшиқларидан йўналиш жиҳатидан мутлақо фарқ қилади. Мазкур композициянинг мусиқасини озарбайжонлик хонанда ва композитор Аҳмед Мустафоев Мадинанинг таклифи билан махсус басталаб берган. Умид Обидов эса мусиқий сайқал ишларини бажарган бўлса, қўшиқнинг матни устида Баҳодир Низомов қалам тебратган.
Янги дуэт тарона учун тез кунда Сарвар Каримов ҳамда Иззат Лутфуллаев томонидан видеоклип суратга олинади. Бу ҳақда кейинроқ батафсил маълумот берамиз. Бугун эса Мадина Мумтоз ва Баҳодир Низомовдан янги дуэтни тинглаб баҳра олинг.