Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ғуломжон Ёқубов билан концерт олди интервью
Хабарингиз бор 1, 2 март кунлари Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ғуломжон Ёқубов навбатдаги концерт дастурини тақдим этади. Эл суйган санъаткор билан ғойибона дийдорлашиш ниятида бўлган мухлислари таклифини инобатга олиб, концерт олди “Ўзбегим таронаси” радиосида Ғуломжон Ёқубов билан эксклюзив интервью ўтказилди. Жонли мулоқотда концерт дастурига тайёргарлик жараёнлари ҳақида, янги қўшиқлар ҳақида сўралди.
Саволга жавобан Ғуломжон Ёқубов бугунги суҳбатга қуруқ келмаганини, яъни эфир давомида бир эмас, учта янги қўшиғини премьера сифатида тақдим этишини маълум қилди.
“Жоним десам” номли хоразмча йўналишда яратилган тарона жаранг сочганидан сўнг радиотингловчилар томонидан илиқ фикрлар билдирилди. Барчага манзур бўлган таронанинг матни Али Шайдо қаламига мансуб бўлиб, концерт дастурида мазкур тарона учун хоразмча рақс саҳналаштирилса ажабмас.
Кейинги тарона “Севармидинг” деб номланган бўлиб, Арслон Карим сўзига таниқли бастакор Мусахон Нурматов куй басталаган. Ғуломжон Ёқубов учун жуда қадрли бўлган мазкур тарона мухлисларга ҳам ҳуш ёққанини телефон қўнғироқлари орқали маълум этишди.
Учинчи қўшиқ “Кел жоним” ҳам янги яратилган тароналар орасидан муносиб ўрин эгаллаган, сабаби бу таронанинг мусиқасини Ғуломжон Ёқубовнинг ўзи яратган экан. Шеъри эса Ўктам Давлетов қаламига мансуб.
Самимий суҳбат давомида санъаткор, концерт дастурида кутилаётган янгиликлардан бохабар этиб, мухлислари учун совғалари бисёр эканини, энг янги ва энг сара қўшиқлар, таниқли хонандалар билан ижро этилган дуэтлар ҳақида тўхталиб, бу йилги дастур ҳар доимгидан-да ўзгача бўлиши ва бунинг учун тайёргарлик авжида эканини айтиб ўтди.
Ташриф ва қизиқарли суҳбат учун Ғуломжон Ёқубовга ташаккуримизни билдириб, концерт дастури кутилганидек муваффақиятли ўтишига тилакдошмиз.