Эстрадамиз юлдузи Шоҳруҳхонни муборакбод этамиз
Шоу-бизнесда мустаҳкам ўринга эга, деярли ҳар бир қўшиғи хит даражасига кўтариладиган, қизларнинг ёкимтойи, романтик хонанда Шоҳруххоннинг уч кунлик яккаҳон концерт дастурига бугун старт берилди. Ўтган йили ҳам концертини муваффакиятли равишда ўтказганини инобатга олиб, бу йилги дастур кутилгандан аъло даражада бўлишига ишонч билдирган хонанданинг мухлислари ''Истиқлол'' санъат саройига жам бўлдилар.
Саҳнада жойлашган катта-кичик мониторлар, ранг-баранг чироқлар томошабин диққатини тортади. Саҳнада пайдо бўлган Шоҳруххон ''Саҳарда'' таронаси билан дастурни бошлади. Қўшиқдан сўнг саломлашган хонанда ''Кора кўз'' номли хоразмча таронасини замонавий талқиндаги вариантини тақдим этаркан, сахнада замонавий ва хоразмча миллий либосдаги раққосалар ажойиб рақслари билан ҳиром айлашди.
Қўшиқлар кетма-кетлигидан ўрин олган ''Майлими'' таронасини куйларкан, телефон орқали мулоқотга киришган Шоҳруххон, катта мониторда намоён бўлган хонанда Лолага мурожаат этар, Лола эса унга дил изҳори қиларди. Деярли барча мухлисларининг дилидан ўрин олган ''Яхши кўраман'' таронаси бошланиши билан хамма унга жўр бўлди. Лоланинг ''Тошкент-Самарқанд'' қўшиғини дуэт тарзда ижро этишганида-ку, бутун зал улар билан бирга куйлади.
Мониторда намойиш этилаётган кадрларда Шоҳруххон рассом сифатида расм чизар, кадр ортидан ҳаётий монолог ўқиларди. Бу вақт хонанда саҳнани тарк этганини кўпчилик сезмай ҳам қолди, ҳатто.
Иккинчи блокни ''Мен сени севаман'' хит қўшиғи билан бошлаган Шоҳруххон сават кўтариб, гул баргларни сахнага сочиб чиқди. Кейинги қўшиқлар ''Мен учун йиғлама'', "Юр, кеттик бу ердан'' ва иккита рус тилидаги тароналар раққосалар ижроси билан ўтди. Дастурнинг энг ёрқин ва олқишларга сазовор тароналари Муниса Ризаева билан ҳамкорликдаги ''Сен мени керагим, борим'', мафтункор Шаҳзода билан яратилган ''Унутолмадим'' дуэтлари бўлди.
Мониторда яна монолог остида рассом томонидан инсоният туғилганидан то умри сўнггига қадар ташқи кўринишдаги ўзгаришлар чизилган видеоролик намойиши бўлди. Романтик руҳиятда ўтаётган концерт ўртасида бундай видео бекорга тақдим этилмаганди.
Монолог она ҳақидаги сатрлар билан якунланди ва Шоҳруххон томошабинлар залидан тушиб келиб, волидасига гулдаста тутиб ''Онамдек'' қўшиғини армуғон этди. Қўшиқ сўнггида кўзларига ёш қалқиган Шоҳруххон ''Дунёдаги барча оналар олдида тиз чўкамиз'', деди-ю, тиз чўкди.
Таъсирчан таронадан кейин сахнада ''Божалар'' гурухи, Жавлон Шодмоновлар ''Жамшид'' қўшиғи билан пайдо бўлишди. Қариялар кўринишида гримланган йигитлар ҳазил-мутойиба билан барчага табассум улашишди. Сўнг Жаҳонгир Фозилжонов билан дуэт ижро этилди.
Яқиндагина премьера этилган ''Комила қиз'' билан бирга ''Менга фарки йуқ'', ''Аразлама гўзалим'', ''Сенсиз яшолмайман'' ва янги ''Биттаку'' қўшиқлари кетма-кет жаранг сочди. ''Зўрсан'' ва ''Чау бамбино'' тароналарининг ремикс варианти концертнинг якуний композициялари бўлди.
Хонанданинг уч кунлик концерт дастурнинг биринчи куни кутилгандан аъло даражада ўтди. Дастур шу қадар ранг-баранг кечдики, вақт кандай ўтиб кетгани сезилмай қолди.
Ҳар бир қўшиқ учун саҳналаштирилган рақслар алоҳида саҳна кўринишида намойиш этилгани ва Шоҳруххоннинг ўзи ҳам роль ижро этган ҳолда куйлагани таҳсинга лойиқ. Мониторлардаги ҳар бир қўшиқлар учун алоҳида ролик намойиш этиб борилгани эътиборга лойиқ. Дастур давомида хонанданинг фан клуби аъзолари ҳам актив иштрок этишди. Бу ҳам Шоҳруххоннинг севимли хонанда эканидан далолатдир.
Олдинда концертнинг яна икки куни бор. Илк куни муваффакиятли ўтгани билан эстрадамиз юлдузи Шоҳруххонни муборакбод этамиз ва кейинги кунлар бундан-да завқли ва файзли ўтсин, дея тилак билдирамиз.