''Нима қилдик Ватан учун?" фестивали доирасидаги гала концерт
14 февраль куни Ёшлар маданият ва санъат маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги кўмагида ҳамда ''Ўзбекнаво'' эстрада бирлашмаси ҳамкорлигида ''Нима қилдик Ватан учун?" фестивали доирасида гала концерти ўтказилди. Концертда бошловчилик вазифасини Самандар, Мадина Мумтоз, Дилноза Исмияминова ҳамда Сардор Раҳимхонлар бажаришди.
Дастурда эстрадамизнинг энг ёрқин юлдузлари, Шаҳзода, Гулсанам Мамазоитова, Малика Эгамбердиева, Алишер Файз, ''Sado'' ансамбли ва Акбар Атамуҳаммедов, Фарҳод ва Ширин, “Диёр” гурухи, Улуғбек Раҳматуллаев, Руҳшона, Зиёда, Тоҳир Содиқов, Шоҳруххон, Севара Назархон ҳамда устоз санъаткорлардан Ғуломжон Ёқубов ва Зулайҳо Бойхоновалар Ватанни тараннум этувчи дилтортар тароналарини армуғон этдилар.
Мазкур тадбир мамлакатимиз ёшларини Ватанга муҳаббат, мустақиллик ғояларига садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат ва фидойилик руҳида тарбиялаш, ёшларда юксак бадиий дидни шакллантириш, шунингдек, маданият ва санъат соҳаларини тизимли равишда қўллаб-қувватлаш, ижодкорларнинг фаолиятини кенг тарғиб этиш мақсадида ўтказилмоқда.
Ҳабарингиз бор, яқиндагина Марказ томонидан маданият, санъат, спорт соҳаларининг йил сарҳисобига бағишланган ''Эътироф-2014'' миллий мукофоти совриндорларини тақдирлаш маросими, ўтган йилнинг оммабоп қўшиқларини тақдирлаш мақсадида ўтказилган ''Йил қўшиғи-2014'' тантанали гала концерти бўлиб ўтди. Ёшлар маданият ва санъат маркази томонидан кўплаб ватандошларимиз қаторида, ўсиб келаётган ёш авлоднинг истеъдодини кашф этиш ва интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ''Мана мен!" телевизион лойиҳаси эфирга узатилди. Яқин кунларда мазкур лойиҳа мамлакатимизнинг барча худудларида ўтказилиши режалаштирилган.
Ҳозирги кунда, юртимизнинг чекка худудларидаги ноёб иқтидор эгаларини излаб топиш, уларнинг эстрада санъатидаги истеъдодини намоён этишлари учун ижодий майдон яратиш, ўзбек миллий эстрада санъати анъаналарини тарғиб қилиш мақсадида 16 ёшдан 25 ёшгача бўлган ёш ижодкорлар ўртасида ҳар йили анъанавий тарзда ''Куйла ёшлигим'' кўрик танловини ўтказиш режалаштирилган. Ушбу танловнинг саралаш босқичлари 19 февралдан бошланиб, апрель ойига қадар республикамизнинг турли худудларида бўлиб ўтиши белгиланган.
Тез кунда ''Куйла ёшлигим'' лойиҳаси ҳақида маълумотларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.