''Шарқ'' вокал чолғу ансамбли ижодий парвозда
''Эътироф'' миллий мукофоти юртимизда таъсис этилган юксак даражадаги тақдимот бўлиб, санъат, кино, спорт ва амалий санъат соҳасида ўз ҳизматлари билан эътирофга лойиқ кўрилган ижодкорларга тақдим этилиши ва катта тантана билан нишонланиши сир эмас. Бу йил иккинчи бор ўтказилган мазкур тақдимотда муносиб бўлганлар қаторида ''Йилнинг энг яхши гурухи'' номинацияси ғолиби ''Шарқ'' вокал чолғу ансамбли дея эълон қилинди.
Такдимот маросими олдидан номзодлар билан учрашув ўтказилиб ансамбль солистлари билан суҳбатлашганимизда, бу мукофотга номзод бўлишимизнинг ўзи катта бахт, дея эътироф этишганди. Бугун эса улар совриндорлар орасида ана шу бахтни ҳис этмокдалар.
Аввало, мазкур жамоанинг ижодига эътибор қаратадиган бўлсак, юртимиздаги барча давлат тадбирларида фаол иштрок этиш баробарида чет элларда ҳам ўзбек санъатини дунёга тарғиб этишда ўз ҳиссаларини қўшиб, турли танлов ва фестивалларда миллий санъатимизни намоён этиб, ҳалқимизнинг урф-одатларини ўзга миллатларга таништириб келаяптилар.
Булардан 2010 йил Россиянинг Москва шаҳрида бўлиб ўтган бутунжахон фольклор жамоалари фестивалида Ўзбекистон байроғини юқори кўтариб, элликдан ортиқ давлатлар орасида муносиб равишда иштрок этишган.
2013 йилнинг март ойида Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида бўлиб ўтган ҳалқаро фестивалдаги чиқишлари юқори бахоланиб, энг кўзга кўринган газеталарда ўзбек миллий ашула ва рақс санъати ижрочилари ҳақида катта мақола чоп этилган.
Ўтган 2014 йил июль ойида эса Франциянинг бир неча шаҳар ва вилоятларида бўлиб, бир ой давомида иккита йирик фестивалларда қатнашишди. Булардан бири ''Interfolk'' бўлиб, бутун дунё миллатлари вакиллари ўз санъатини тақдим этувчи фестивалнинг эллик йиллиги кенг нишонланди. Иккинчи фестиваль ҳам нуфузи жиҳатидан юқори даражада бўлиб, Франциянинг Saint Malo шаҳрида ўн турт кун давомида ўтказилган ''Folklores Monde'' деб номланган йирик фестивалдир.
''Эътироф-2014'' совриндорлари бўлмиш ''Шарқ'' вокал чолғу ансамбли ушбу мукофотга муносиб эканлигига ҳеч шубҳа йўқ. Сайтимиз ижодкорлари номидан уларни қутлаймиз ва тез кунда янги қўшиқ премьераси кутилаётганини маълум қилмоқчимиз.
''Ширин туш'' номли янги тарона Нурмуҳаммад Исроилов шеъри асосида яратилган бўлиб, мусиқа ва аранжировка муаллифи таниқли композитор Шуҳрат Зокировдир. Тез кунда севимли гурухингиз ижросидаги янги композицияни ''Ўзбегим таронаси'' радиоси орқали қарши оласиз.