Дилфуза Раҳимова ижодий танаффусга нуқта қўяди
Дилфуза Раҳимованинг ижодини соғинган мухлислар учун ажойиб янгилик. Эндиликда ижодкор танаффусга нуқта қўйди.
Оналик бахтига мушарраф бўлиши муносабати билан асосий вақтини оиласига бағишлаган Дилфуза Раҳимова яна санъат оламига қайтиб, мухлисларини хушнуд этиш ниятида. Бунинг учун эса хонанда бир қатор янгиликларни тайёрлаб қўйган.
Улардан бири бу айнан ёшларга мос шўх оҳангдаги таронадир. Бу қўшиқ барчага маъқул келиши аниқ. Сабаби тарона мавзуси долзарб ва муҳим аҳамиятга эга.
Бугунги кунда кўпчилик, яъни 7 ёшдан 70 ёшгача барча XXI асрнинг асосий ютуғи – интернетдан фойдаланади. Ёшлар асосий вақтини турли ижтимоий тармоқларга сарф этадилар. Бу ҳолатга шахсан ўзи гувоҳи бўлган Дилфуза Раҳимова ана шу мавзуда қўшиқ яратишга қарор қилди.
“Онлайн” номини олган қўшиқ сўзларида хазиломуз иборалар ҳам учраши мумкин. Қўшиқнинг ўзиёқ Дилфуза Раҳимова ижодида кутилмаган бурулиш ясайди. Шунингдек, мазкур таронага видеоклип ҳам суратга олиниши режалаштирилган. Айни пайтда клип ғояси устида иш олиб борилмоқда.
Дилфуза Раҳимованинг айтишича, клипдаги сюжет ҳам ўзгача йўналишда бўлиши билан бирга, мухлислар хонандани умуман кутилмаган қиёфада кўришлари мумкин. Ёшларбоп йўналишда ва ёшларбоп образда намоён бўлишни мақсад қилган Дилфуза Раҳимова соғинган мухлислари учун яна бир туҳфа тайёрлаган.
Дилфуза Раҳимова шу йил яккахон концерти тақдим этишни мақсад қилган. Жонли ижрода ўтказиладиган концерт дастурида рақслар ва саҳна кўринишларига ҳам алоҳида эътибор берилиши маълум қилинди. Концерт ҳақида кейинроқ яна батафсил маълумот ёритилади.