Шаҳзодадан узоқ кутилган қўшиқ премьераси
Мафтункор Шаҳзода томонидан яратилган ҳар бир қўшиқ хит даражасига кўтарилиши сир эмас. Бугун "Ўзбегим Таронаси" радиосида Шаҳзоданинг "Айриламиз" номли янги қўшиғи илк бора мухлислар учун тақдим этилди.
Премьера анонси акс этган фотосуратлар Instagram ижтимоий тармоғида тарқалиб, кўплаб мухлисларнинг турли изоҳларига тўлди. Аксарият ўзбек шоу-бизнес вакиллари ҳам бу қўшиққа қизиқиш билдиришди ва премьерани албатта тинглашларини маълум қилишди.
"Ўзбегим Таронаси" радиосида премьера қилинган "Айриламиз" таронасининг матн ва мусиқа муаллифлари маҳоратли ижодкорлар Сарвар ва Комил ҳисобланади. Яқинда бу қўшиқ учун айнан Сарвар ва Комил бошчилигида видеоклип ҳам суратга олинаётганлиги ҳақида хабар бергандик.
Айтиш керак, ФМ 101.00 тўлқинининг "Премьера" лойиҳаси аъло даражада ўтди. Тарона илк марта жаранг сочганидан сўнг, радиога қўнғироқ қилган тингловчилар қўшиқнинг матни айниқса, дилга яқин эканлигини таъкидлашди.
Ўзгача оҳанг ва мусиқа навоси остидаги Шаҳзоданинг ижроси қўшиқнинг таъсирчанлигини янада оширган. Таронани эса хозироқ сайтимиз орқали ўзингиз ҳам тинглаб, баҳо бериш имкониятига эгасиз.