"turkvizyon-2014" танлови якунига етди
Айни вақтда деярли барча туркий халқлар санъат аҳлининг эътибори Татаристон пойтахти Қозон шаҳрида ўтказилган "Тurkvizyon-2014" танловига қаратилган.
Бугун, яъни 21-ноябрь куни "Тurkvizyon-2014" танловининг якуний финал босқичи ўтказилиши ҳақида хабар бергандик. Бир неча соат аввал танловнинг ғолиби аниқланди.
Мазкур мусиқий танловда маҳоратли хонанда Азиза Низомова юртимиз номидан муносиб иштирок этганини алоҳида таъкидлаш зарур.
"Дунё булсин омон" номли тарона билан иштирок этган Азиза Низомова финалгача етиб келгани катта ютуқкдир. Финал баҳсида 15 та мамлакат вакиллари беллашдилар. Азиза ярим финал баҳсидан кейин биз билан суҳбат чоғида Қозон шаҳрида ҳаво ҳарорати совуқлигини ва шу сабаб томоғи оғриб, бироз бетоб бўлиб қолганлигини айтганди. Бироқ у ердаги ўзбек диаспораси Азизани қўллаб-қувватлаш учун танловга ташриф буюргани ҳамюртимизга кўтаринки руҳ бағишлаган экан.
Финал баҳсида ҳам Азиза муносиб иштирок этиб, 7-ўриндан жой олди. Асосийси ўрин эмас, балки иштирок. Бугун кўплаб мутахассислар томонидан "Евровидение" халқаро танловига қиёсланаётган "Тurkvizyon-2014" танловида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилиш имкониятининг ўзи бахтдир. Азиза Низомова барчамизнинг юрагимизда фахр туйғусини уйғота олди, деб бемалол айтишимиз мумкин.
Финалда эса Қозоғистон вакиласи Жанар Дугалова 225 балл жамғарган ҳолда ғолибликка эришди.
Иккинчи ўринни 201 балл тўплаган Татаристонлик Айдар Сулейман эгаллаган бўлса, 3-поғонани 199 балл жамғарган Zaman забт этди.