Бурхон Шараповдан тез кунда янги фильм “Фирибгар ошиқ”
Маҳоратли кинорежиссёр Бурхон Шарапов навбатдаги фильмининг суратга олиш ишларини якунлади.
Ишчи номи “Фирибгар ошиқ” бўлган бу картинанинг сценарий муаллифи Наргиза Зокирова. Трагедия-драма жанрида бўлиб, ҳозирги кунда ёшлар ўртасида долзарб бўлиб бораётган мавзулар, муаммолар кўтарилган. Уларнинг тарбияси, оиладаги, жамиятдаги ўрни, ота-оналари билан муносабати кўрсатилган. Шунингдек, бугунги кунда барчамизнинг ҳаётимизга кириб келган ва бир бўлагимизга айланиб улгурган ижтимоий тармоқларнинг фойдали ва зарарли томонларини ёритиб ўтишга ҳаракат қилинган.
“Фильмда асосан учта бош қаҳрамонимиз бор. Фильмдаги воқеалар айнан уларнинг атрофида кечади. Бош роль образларини ёш ва умидли ижодкорлар ижро этишди. Улар Сочида бўлиб ўтган халқаро фестивалда қатнашиб, муносиб ўринларни қўлга киритиб қайтишган. Айни дамда бу уч қаҳрамон санъат ва маданият институтига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинди.”- дейди картинанинг иккинчи режиссёри Дилмура Муродова.
Бош ролларни дебют актёр ва актрисалар ижро этган бўлиб, улар Ортиқова Гавҳар, Мирзаев Фарруҳ, Тоҳиров Беҳруз. Фильмда халқимиз севган актёр ва актрисалардан Меҳриддин Раҳматов, Шохида Узоқова, Алишер Отабоев ва бошқаларни учратишингиз мумкин.
Бу фильмни суратга олиш жараёнигача бўлган тайёргарлик ярим йилча муддатни ўз ичига олади. Бу вақт ичида картина ижодкорлари мукаммал равишда ўз устида ишлашди. Бунинг натижасида тасвирга олиш жараёни узоққа чўзилмади. 15 кун мобайнида ўз якунига етди.
Ушбу картина премьераси сентябрь ойида бўлиб ўтиши режалаштирилган.