Сардор Раҳимхон қалбидаги дил сўзларини таронага муҳрлади

Сана: 28.03.2014 1754 қайноқ

28-март куни “Ўзбегим Таронаси” радиостанциясида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхон ижросидаги “Чақачум” номли таронанинг премьераси ўтказилди. 

Жорий “Соғлом бола йили” муносабати билан яратилган тарона беғубор ҳисларни тақдим этади. Премьерадан аввал бу таронанинг яратилиш жараёни ҳақида маълумотлар берилди. Қўшиқда Сардор Раҳимхоннинг 3 ёшли қизалоғининг ҳам овозини, кулгуларини тинглашингиз мумкин. Бу жараён эса бироз мушкулликда ўтказилганини кулгу билан ёдга олган Сардор Раҳимхон аслида тарона биографик эканлигини ҳам айтиб ўтди. 

Аслида Сардор Раҳимхоннинг ўзи қизини “Чақачум” дея эркалашини ва шу орқали шу номдаги тарона яратиш ғоясини Элдор Қаюмовга билдирганини маълум қилди. Элдор Қаюмов ҳам ўз маҳоратидан максимал даражада фойдаланган ҳолда оригинал тарзда янги тарона яратган. Аранжировкаси Ботир Алиев томонидан тайёрланган. Премьерадан сўнг тингловчиларнинг фикри қабул қилинди. Тўғридан-тўғри эфирга қўнғироқ қилиб тушган тингловчилар бу қўшиқ самимий руҳда тайёрланганлиги билан ҳам инсон қалбига тез етиб борадиган даражада аъло баҳога лойиқ эканлигини билдиришди. Яна бир тингловчи эса қўшиқни тинглаб беғубор давр - болаликка қайтганини таъкидлади. 

Суҳбат давомида Сардор Раҳимхон яқинда тақдим этган концерт дастури ҳақида тўхталиб ўтилди. Сардор Раҳимхон учун узоқ кутилган концерт дастури ўзи кутмаган даражада аъло тарзда ўтказилганини айтиб ўтди. Айниқса, премьерада тақдим этилган “Чақачум” ва “Дўст” номли янги тароналари мухлислар томонидан илиқ кутиб олингани бошловчи Жамшид Хожиниёзов томонидан таъкидлаб ўтилди. 

Бугун Сардор Раҳимхон нафақат янги таронани, балки концерт дастурида мазкур таронани ижро этган қисқа видеотасмани ҳам тақдим этмоқда. Сайтимиз орқали эксклюзив тарзда видеоролик биринчилардан бўлиб тақдим этилди. 

Сардор Раҳимхон мухлислари учун яна бир ажойиб янгиликни ҳам маълум қилди. Концерт дастурининг видеоси бир ҳафта ичида тайёр бўлишини ва ҳонанда ижодидаги 5-альбом ҳам тақдим этилишини эълон қилди. Шунингдек, яқин кунлар ичида Сардор Раҳимхон Республикамиз бўйлаб гастроль сафарига отланади. Олиднда эса Сардор Раҳимхоннинг режалари бисёр. Барча кўнгилдаги ниятлари аъло даражада амалга ошишига тилакдошмиз! 

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol