''Гумроҳлар'' фильми премьераси. Ҳали ўзбек киноси тарихида бунақаси бўлмаган

Сана: 03.10.2014 5473 қайноқ

 ''Узбеккино'' Миллий агентлиги буюртмасига асосан “Ватан” киностудиясида тасвирга олинган ''Гумроҳлар'' фильми премьераси Алишер Навоий номли киносаройида бўлиб ўтди. Киносарой доимгидек aктёрлар, режиссёрлар, ва албатта кино муҳлислари билан гавжум. 

Фильмнинг сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёри Ҳилол Насимов, постановкачи оператори Беҳзод Қодиров, постановкачи рассом Алишер Умрзоқовдир.  Фильм бошланишидан аввал ''Узбеккино'' Миллий агентлиги раҳбари Жахонгир Қосимов сўзга чиқиб, мазкур фильмнинг яратилиши билан боғлик фикрлар билдираркан, ''Ҳали ўзбек киноси тарихида икки-уч давлатда суратга олинган кенг қамровли фильм бўлмаган. Бу картинага катта куч сарфланган ва унинг муваффақияти сиз томошабинларнинг реакциянгизга ва билдирган муносабатингизга боғлик. Ўйлайманки, бу фильм эътиборга ва эътирофга лойиқ кўрилади'', -деди.

Сўнгра сўзга чиқганлар қаторида Ўзбекистон ҳалқ артисти Эркин Комилов бўлди. Актёр, таъсирли бир ривоятни сўзлаб: ''Ота-онасининг дуосини олмаган, ўзга юртларда дайдиб, ўз Ватанига тош отганлар ''гумроҳлар''дир. Бундайларни кечириб бўлмайди'',-деди.

Бу сўзлардан фильмга нисбатан қизиқиши ортган томошабинлар қарсаклар билан ижодий жамоани олқишлади.

Фильмда Самандар Ҳамроқулов, Мирза Азизов, Жамила Ғофурова, Хайрулла Саъдиев, Эркин Комилов, Бахтиёр Қосимов, Шаҳло Темирова, Сайёра Юнусова, Тохир Саидов, Вазира Юнусова, Маъруф Отажонов каби эл суйган актёрлар билан бирга ёш ижодкорлар хам иштрок этишган. 

 

''Гумроҳлар'' фильми томошаси бошланди ва томошабинлар нигоҳи катта экранга қадалди.

 

Нафақат Ўзбекистонда, балки Туркия ва АҚШда ҳам тасвирга олинган бу фильмда Ўзбекистон ҳалк артисти Муҳаббат Шамаева ҳам иштрок этган. Унинг Ўзбекистон ҳақида тўлқинланиб, фаҳрланиб сўзлашини кўриб қалблар ғурурга тўлади. Ватан туйғуси, юрт шаъни, миллат ғурурини улуғловчи бу картинада ўзга юртларда ватанфурушлик қилаётганлар ва ўз она диёри осмонига рахна солаётганларнинг қилмишлари кўрсатиб берилган.

 

Фильм таъсирли эпизодлари билан томошабин қалбида гох ғурур, гох алам, гох нафрат уйғотади. Айниқса, ўзга юртда туғилиб вояга етган ўзбек отахони ўзининг отаси Ватанини кўролмай ўтиб кетганини сўзларкан, Ўзбекистондан келган меҳмон унга ўзбек патирини келтирганини кўриб худди Ватанини кўргандек кўзларига ёш келиши бутун томошабинлар залини жонлантирди. 

Бу каби инсоннинг қалбини ҳаяжонга солувчи кадрлар фильм сўнггигача давом этди. Турли ақидапарастлар, хоинлар, киндик қони тўкилган масканга ғараз ниятда бўлганлар, ватангадолар, умумий қилиб айтганда гумроҳлар ҳакидаги фильм олқишлар билан якунланди. 

Қисқа қилиб айтганда мазкур фильм ёшларнинг мафкуравий иммунитетини ошириш ҳамда турли ғоявий таҳдидлардан огоҳ бўлишга чақириш мақсадида яратилган бўлиб, ўзбек ҳалқининг осуда ҳаёти ва тараққиётига путур етказмоқчи бўлган қабиҳ кимсаларнинг кирдикорларини фош қилиш мақсадида тасвирга олинган.

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol