“Муҳаббат баҳори” фильмининг монтаж ишлари давом этмоқда
Аввалроқ, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига биноан шоир, драматург, давлат ва жамоат арбоби Ҳамид Олимжон ва шоира Зулфияхоним ҳаёти ва ижодига бағишланган “Муҳаббат баҳори” номли бадиий фильмнинг суратга олинаётгани ҳақида хабар берилган эди. Ҳозирда фильмнинг суратга олиш ишлари якунланиб, монтаж ишларига старт берилди. Режиссёр Иброҳим Расулов жамоаси томонидан яратилаётган фильм шоир Ҳамид Олимжон таваллудининг 111 йиллиги муносабати билан декабрь ойида премьера бўлиши кутилмоқда. “Муҳаббат баҳори” фильмида Ҳамид Олимжон ва шоира Зулфияхонимнинг бир-бирига садоқати, уларнинг адабиётга қўшган ҳиссаси, Ҳамид Олимжоннинг арбоблик ишлари ҳақида сўз юритилади. Унда ролларни Ҳамза Ҳасанов, Шаҳноза Ҳожимуродова, Шоҳида Исмоилова, Абдурайим Абдуваҳобов, Меҳриддин Раҳматов ва кўплаб вилоят театрларининг моҳир актёрлари ижро этишган.