“МУҲАББАТИМСАН” – ҲАҚИҚИЙ МЕҲР ВА ҚАДР ТАСВИРЛАНГАН ФИЛЬМ
16 май куни соат 18:00 да “Алишер Навоий” номли кино саройида “Муҳаббатимсан” номли янги фильмнинг премьераси бўлиб ўтди.
Дурдона Тўлаганова ва Жонрид Саъдиев режиссёрлигида суратга олинган фильм тақдимот маросимида машҳур юлдузларимиз ҳам иштирок этишди. Йиғилган томошабинларга фильм ижодкорларини таништиришдан, аввал, таниқли хонанда Рухшона ҳамда машҳур юлдузларимиз томонидан дилбар тароналар ижро этилди. Бу барчанинг кайфиятини кўтарди.
Сўнгра фильмни суратга олиш жараёнида актёр ва актрисалар қаторида тер тўкиб меҳнат қилгнан ижодий гуруҳ билан бирма-бир таништириб ўтилди.
Эслатиб фильмда бош ролларни Али Отажонов ва Ситора Олимжонова ижро этишган. Шунингдек, Марям Ихтиёрова, Саидкомил Умаров, Зуҳра Ашурова, Маъруф Маҳмудов каби маҳоратли устоз санъаткорларнинг ҳам таъсирчан образларини кўришингиз мумкин бўлади.
Фильмнинг қисқача мазмуни: картинада иккала ёшнинг севишиб турмуш қуриши, отасининг фотиҳасини олмай, севган инсони билан бахтли бўлишга интилган қизнинг турмуш кечинмалари, оғир ва мушкул вазиятларга дуч келиши маҳорат билан тақдим этилган. Танланган мавзу айни кунда ҳаётимизда, аниқроғи атрофимизда юз бераётган воқеаларга асосланганлиги билан янада қимматлидир.
Айниқса, севган инсони учун барча қийинчиликларга тайёр турган ва унга бардош берган аёлнинг вафодири тўсатдан бахтсиз ҳодиса туфайли хотирасини йўқотиши ва бу орқали унинг бошига оғир кунларнинг тушиши ҳар қандай томошабиннинг кўзида ёш қалқишига сабаб бўлди. Қизини оқ қилган отанинг дарди ва фильм сўнгида уни кечира олиш ёки олмаслиги ҳақида фильмни томоша қилиб ойдинлик киритасиз.
Фильм премьерасига томошабин сифатида Ҳалима қизиқ ҳам ташриф буюрган экан.