Рашид Ҳолиқов классик тароналарни қайта куйламоқда
Халқимизнинг севимли ижодкорларидан бири Рашид Ҳолиқов ва “Шаҳзод” гуруҳи ижодий танаффусдан сўнг бугун янги таронани тақдим этмоқда.
“Қуралай” дея номланган тарона аслида бундан бир неча ўн йиллар аввал яратилган бўлиб, кўпчиликнинг дилидан жой олишга улгурган. Рашид Ҳолиқов эса бу қўшиқни янгича йўналишда куйлашга ва мухлисларга тақдим этишга қарор қилди. Қўшиқнинг янгича талқини мухлислага ёқимли онларга ҳадя этиши, шубҳасиз. Хозироқ сайтимиз орқали “Қуралай” таронасини тинглаб, баҳо беришингиз мумкин.
Ижодий танаффус вақтида Рашид Ҳолиқов катта лойиҳа устида ишлашни режалаштирди. Бу лойиҳанинг асл моҳияти барчага бирдек маъқул келиши аниқ. Классик тароналарни халқимиз, айниқса, санъатнинг асл моҳиятини қадрловчи кишилар севиб тинглайдилар. Ўзбек миллий классик қўшиқлари асосан ёши улуғ инсонларнинг дидига мос. Лекин бу қўшиқлар халқимиз қалбида мангу яшашини мақсад қилган Рашид Ҳолиқов элимиз севган тароналарни янги йўналишдаги аранжировка билан, яъни замонавий эстрада йўналишида қайта куйламоқда.
Октябрь ойи охирида Рашид Ҳолиқов томонидан янги аудиоальбом тақдим этилади. Бу альбомдан 15-16 та классик қўшиқлар жой олиб, диск ноодатий тарзда тақдим этилади. Рашид Ҳолиқов мазкур ижодий лойиҳани амалга оширишда аранжировка устаси Шуҳрат Закиров билан ҳамкорлик қилмоқда.
Ҳар бир таронанинг яралиш тарихи, унинг асл ижрочиси ҳақидаги маълумотлар ҳам диск муқовасига киритилади. Диск муқоваси ҳам миллий матоларимиз ҳисобланган адрас, атласдан яратилади.
Эксклюзив тарзда тайёрланадиган диск муқоваси оригинал кўринишда бўлишини маълум қилган Рашид Ҳолиқов бу аудиоальбом барча мухлислар, қолаверса эстрадамиз вакиллари учун ҳам кутилмаган туҳфа бўлишига умид қилмоқда.