Ёз мавсумида тақдим этилган энг яхши клиплар ТОП-5 талиги
Ҳар бир ижодкор янги қўшиқ ёзар экан, унинг мазмунини янада бойитиш мақсадида видеоклип ҳам суратга олади.
Эътиборингизга июнь ва июль ойларида YouTube интернет видеохостинг хизматига жойлаштирилган ва шу кунгача энг кўп томошабин эътиборини жалб қилган видеоклиплар рейтингини ҳавола этамиз.
Рўйхатимизнинг 5-ўрнини Лола Аҳмедова очиб беради. Хонанда ижодидаги “Унутолмадим” таронасига ишланган видео оригиналлиги ва моҳирона қўлланилган компьютер эффектлари билан ажралиб туради. Бу клип 10-июль куни мухлислар учун тақдим этилган бўлса, шу кунгача деярли 34 минг марта томоша қилинган.
4-ўринни эстрадамизнинг латофатли ва шаддод вакилаларидан бири Нилуфар Усмонова эгаллади. Ўзига хос жўшқин кайфиятда яратилган тарона ва унга монанд клип кўплаб мусиқа шинавандаларига маъқул келганини улар томонидан ижтимоий тармоқлар орқали билдирилаётган фикрлардан билиб олиш мумкин. 11-июль куни тақдим этилган видеоклипдан шу кунгача 43 мингдан зиёд мухлис баҳраманд бўлган. Нилуфар Усмонованинг ўзига хос гўзал ва нафис имиджи клипга ёрқинлик руҳини баҳш этган.
Рейтингимизнинг 3-ўрнидан “Божалар” гуруҳи жой олди. Жаҳонгир Позилжонов ва Жавлон Шодмонов режиссёрлигида суратга олинган “Тўртта қизим соғиниб” таронасига ишланган видеоклип 31-июль куни YouTube га жойлаштирилган бўлса, жуда қисқа фурсат ичида бу клипни 50 мингдан зиёд мухлис томоша қилишга улгурган. Жиддий мавзудаги қўшиққа хазиломуз тарзда тайёрланган видеоклип ёрқин тасвирлари-ю, ўз ўрнида қўлланилган ҳаётий иборалар томошабинни бироз ўйлантиради, шу билан бирга яхши кайфият улашади.
2-поғона Шоҳруҳхонга насиб этди. “Менинг қўшиғим” номли таронанинг ремикс вариантига ишланган видеоклип 18-июнь куни илк марта мухлислар эътиборига ҳавола этилган. Маиший мавзудаги оилавий можаро тасвирланган сюжет Шоҳруҳхон ижодидаги янгича йўналишдаги клипдан 58 мингдан ортиқ мухлис баҳраманд бўлган. Қизиқарли тасвирлар жо бўлган видеоклипни томоша қилишга улгурмаган бўлсангиз, сизда хозирнинг ўзидаёқ томоша қилиш имкони мавжуд.
Рейтингимизнинг энг олий 1-ўрнидан Райхоннинг “Асалим мани” таронасига ишланган клипи жой олди. ўзи ҳам яқинда оналик бахтига мушарраф бўлган Райхон жажжи фарзандларига атаб ёзган қўшиғига ишланган анимацион жанрдаги видеоклип 10-июнь куни томошабинлар учун тақдим этилган. Шу кунгача мазкур клипдан деярли 130 минг мухлис баҳраманд бўлган. Бу эса катта кўрсаткичдир. Райхонни ушбу натижа билан муборакбод этамиз.