Yamin Band илк албоми устида иш бошлади
Истеъдодли ижодкорлардан иборат бўлган Yamin Band сўнгги кунларда қизғин ижод уммонида. Хабарингиз бор, Улар яқиндагина “Юрак парча” таронасини тақдим қилган эди. Тингловчилар қалбини забт эта олган ушбу қўшиқнинг видеоклипи ҳам тайёр бўлди ва шу ҳафтада намойиш қилиниши кутилмоқда. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Улар аллақачон илк албоми устида ижодий ишларни бошлаб юборишган. 2020 йилда тақдим қилиниши режалаштирилган албом “Юрак парча” деб номланиши мумкин. Сабаби бу қўшиқ юқорида айтганимиздек, мухлислар томонидан ўзгача кутиб олинди ва қўшиқ ҳақида билдирилаётган илиқ фикрлар кети узилмаяпти. Шунга қарамай ижодкорлар яна бир нечта қўшиқ ёзишга улгуришди. “Жим, “ Армоним” номли қўшиқлар ана шундай қайноқ ижод маҳсуллари сирасига киради. Бу тароналар ва бошқа ижодий янгиликлар ҳақида кейинги хабарларимиз орқали батафсил маълумот берамиз.