Жавлон Олимов барчани рақсга чорлайди
Ёз фасли ва қуёшнинг заррин нурлари инсон кайфиятини кўтаришга хизмат қилса, Жавлон Олимов томонидан яратилган янги тарона инсонни рақсга чорлайди.
“Сен дилим” номли тарона аслида бундан бир неча йиллар аввал куйланган ва ўз вақтида хит қўшиққа айланган. Жавлон Олимов мухлислар талаби билан мазкур таронани қайта куйлашга қарор қилди. Бугунги кунда теле ва радио орқали, бундан ташқари, ижтимоий тармоқлар орқали фаол бўлган Жавлон Олимовнинг айтишича, турли тадбирларда, маросимларда меҳмонлар ундан айнан мазкур таронани куйлашни сўрашар экан.
Ана шу талабни инобатга олган хонанда бу таронани ўз йўналишида янгича талқинда қайта куйлашга қарор қилди.
Тарона эса куни кеча илк марта “Ўзбегим Таронаси” радиоси орқали тақдим этилди. Премьерадан сўнг радиога қўнғироқ қилган мухлислар тарона мукаммал куйланганлиги ва ҳақиқаттан ҳам беихтиёр рақсга чорлашини таъкидлашди. Мазкур таронага клип ҳам суратга олиниши мўлжалланган.
Жавлон Олимов ижодида яна бир янгилик. Шу кунларда хонанда Сарвар Раҳматхўжаев билан ҳамкорликда янги қўшиқ тайёрлаш устида иш олиб бормоқда. Бу сафар ҳам шўх тарона яратилиши кутилмоқда.
Мухлисларга байрамона кайфият улашувчи қўшиқ мавзуси муҳаббат. Бу ўлмас мавзу ижодкорнинг навбатдаги хит таронасининг асосий ғояси сифатида талқин этилишига умид қиламиз.