Шаҳзода кутилмаган туҳфалар билан барчани хушнуд эта олди

Сана: 02.05.2014 12426 қайноқ

Бугун май ойининг илк кунида мафтункор хонандамиз Шаҳзоданинг яккахон концертига старт берилди.

Узоқ вақт мобайнида мазкур дастурга тайёргарлик кўрган ижодий гуруҳ бугун меҳнати самарасини мухлисларга тақдим этишди. Дастур аншлаг тарзда бошлангани қувонтирди. Концерт дастури ҳар чиҳатдан мукаммал тайёрланганини таъкидлаш зарур. Декорация, либослар, рақс, саҳна кўринишлари ва энг асосийси, ҳар бир чиқиш пухта тайёргарлик асосида тақдим этилганини сезиш қийин эмас эди.


Концерт дастури расман очилиб, мусиқа садолари янграб парда очилганида улкан экранлар орасидан лифтда Шаҳзода кўтарилиб, “Тўкилиб” таронасининг ремикс вариантини куйлади. Концертга ташриф буюрган меҳмонларнинг олқишлари тинмади.

Қўшиқ тугагач, Шаҳзода мухлислар билан саломлашиб, ҳаётида юз берган муҳим ва ёқимли янгилик билан бўлишди. Фарзандли бўлганлигини билдириб, шу билан бир қаторда мухлислари учун ажойиб совғалар ва кўплаб сюрпризлар тайёрлаганини айтиб ўтди. Айтиш керак, Шаҳзода ваъдасининг устидан чиқа олди.

Ана шундай туҳфалардан бири бу футболга бағишланган тарона бўлса, мазкур чиқиш учун тайёрланган махсус видео ва саҳна кўриниши меҳмонларга янада юқори кайфият баҳш этди. Экранда Равшан Эрматов бошчилигида футболчиларимиз намоён бўлгани спорт ишқибозлари учун маъқул келгани аниқ.
Ғалабага ундовчи ва ўзбек футболининг бугунги ютуқлари ҳақидаги тарона янграган вақтида саҳнада ҳам кичик футбол ўйини ҳам ташкил этилиб, Шаҳзоданинг шахсан ўзи гол киритишга муваффақ бўлди. Бу саҳнани гувоҳига айланган мухлислар Шаҳзодани олқишлашди.

Концертнинг асосий ва қизиқарли миллий блоки эса ҳар бир чиқиш орқали баҳорий туҳфаларни ҳадя этди. Аввало, юксак дид билан тайёрланган саҳна либоси меҳмонлар кўзига ташланди. Бежирим чопон эса Шаҳзодага жуда ярашганини деярли ҳамма эътироф этди. Бу бўлимда кутилмаган дуэтлар ижро этилди. Жумладан, Алишер Файз билан куйланган дуэт вақтида кўпчилик рақсга тушди.
Дилмурод Мусаев Билан куйланган тарона ҳам олқишлар билан кутиб олинди. Бундан ташқари, Шаҳзоданинг машҳур таронаси ҳам ўзгача йўналишда янгради. Миллий чолғулар садолари янграган вақтида барча янги таронани кутишганди, бироқ “Қўллар тепага” таронасининг таниш мисралари янграй бошлагач, мухлисларнинг шодон қийқириқлари эшитилди.

Концертда яна бир дуэт ижро этилди. Шаҳзода ваъда қилган сюрпризлардан яна бири бу Россиялик машҳур ижодкор – Аслан Гусейнов билан ижро этган “Отпусти” таронаси бўлди. Нафақат мамлакатимизда, балки Россияда ҳам машҳур бўлган дуэт тарона мазкур концертда ўзгача равишда янграши учун шахсан россиялик мусиқий продюсер ва бастакор Аслан Гусейновнинг ўзи ташриф буюрди. У саҳнага чиқиб, “Отпусти” номли дуэтнинг илк садолари янграшни бошлаши биланоқ, меҳмонларнинг олқишлари тинмади. Яхши биламизки, Аслан Гусейнов Россиянинг машҳур хонадалари – Ани Лорак, Дима Билан, Иракли, Жасмин каби ижодкорларинг хит даражага кўтарилган тароналарининг муаллифи ҳисобланади. Ташриф буюрган мухлисларга туҳфа сифатида Аслан Гусейнов “Где ты?” таронасини ҳам куйлаб, ўзгача кайфият бағишлади.

Концертнинг биринчи кунидан хулоса қиладиган бўлсак, ташриф буюрган меҳмон ҳақиқий маънода маданий ҳордиқ чиқариб, келганига афсусланмади, аксинча баҳорий кайфият билан кўнглини янада қувончга тўлдиргани аниқ. Бу гапимизни меҳмонларнинг концертдан сўнг билдирган фикрлари ҳам тасдиқлайди. Концерт давомида зерикишга бир зумгада имкон қолдирилмади. Дастурдаги сюрпризлар ва кутилмаган туҳфаларнинг кўплиги эса ушбу натижани берди. Шаҳзодани омадли концертнинг илк куни билан табриклаймиз!

 

 

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol