"Тарона шоу" янги йил галаконцерти бўлиб ўтди
22, 23 декабрь кунлари "Халқдар дўстлиги" санъат саройида "Тарона шоу" янги йил галаконцерти бўлиб ўтди. Йил бўйи кутилган ва анъанага айланган концерт аъло даражада ўтказилди. Барчага байрам кайфиятини улаша олган дастурда санъатимизнинг энг ёрқин юлдузлари иштирок этишди. Юқори ва байрамона кайфият бағишлаган мазкур дастур халқимиз учун янги йил олдидан туҳфа қилинган муносиб совғалардан бири бўлди.
Концерт дастурини "Шодиёна" болалар рақс дастасининг жажжи қизалоқлари очиб беришди. Дастур аввалида ёш ва умидли хонандалардан Бегги, Севара, Фарзон, Маҳлиё Омон, Моҳим, Тохир Султон ўз қўшиқлари билан мухлисларни кириб келаётган янги йил билан қутлашди. Сўнгра кетма кет эстрадамизнинг ёрқин намоёнлари ташриф буюришди.
Жумладан, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Улуғбек Раҳматуллаев, Шуҳрат Воҳидов, Зиёда, Райҳон, хонандалар Шаҳзода, Нилуфар Усмонова, Шоҳруҳхон, Жаҳонгир Позилжонов, Муниса Ризаева, Манзура, Сарвар ва Комил, Руи Замин, Динейра, Зоҳид, Уммон гуруҳи, Афруз гуруҳи, Виа Мароканд, Диёр гуруҳи ўзларининг энг сара ва хит тароналари билан дастурга файз қўшиб, томошабинларга завқ улашишди. Концертни Дилмурод Ғуломов ва Раъно Алимова олиб борди. Рақсларни Шодиёра Омонова бошчилигидаги "Шодиёна" рақс ансамбли раққосалари ва "Шодиёна" болалар рақс дастасининг жажжи қизалоқлари ижро этишди.