Сардор Мамадалиев Муҳаммад Юсуф ижодидан фойдаланди
Сардор Мамадалиев ўзига хос йўналишда яратилган қўшиқлари билан бир қатор мухлисларга эга. Хонанда ўз йўналишида яна бир янги таронани тақдим этди.
“Кўнглимда бир ёр” дея номланган таронани яратишда марҳум шоир Муҳаммад Юсуф ижодидан фойдаланди. Яхши биламизки, бу йил марҳум шоир Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллиги нишонланмоқда. Бугунги кунда адабиётга меҳри баланд бир неча хонандаларимиз Муҳаммад Юсуф ижодига мурожаат этиб, турли йўналишларда ижод намуналари яратишмоқда.
Сардор Мамадалиев ҳам танлаган шеър муҳаббатни ўзида акс эттирса-да, бу нозик туйғу таъсирчан сўзлар билан ифода этилган. Қўшиқ мусиқасини Сардор Мамадалиевнинг ўзи басталаган. Аҳмаджон Хожиматов эса аранжировкасини тайёрлаб берган.
Қўшиқ илк марта “Ўзбегим Таронаси” радиоси орқали тақдим этилганидан сўнг, тингловчиларнинг қўнғироқлари тинмади. Шу куни Сардор Мамадалиев мухлислари сони яна бир неча нафарга ошди. Сабаби баъзи тингловчилар айнан янги тақдим этилган “Кўнглимда бир ёр” таронаси орқали Сардор Мамадалиев ижоди билан қизиқиб, бу қўшиқ албатта уларнинг мусиқий жавонидан жой олишини айтишди.
Сардор Мамадалиев айни пайтда мазкур тарона учун суратга олинадиган клип ғояси устида иш олиб бормоқда.