"Театрларда замон қаҳрамони образини яратиш” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди

Сана: 25.07.2018 4191

"Театрларда замон қаҳрамони образини яратиш” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди

2018 йил 24 июль куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Театр Арбоблари уюшмаси ҳамкорлигида “Театрларда замон қаҳрамони образини яратиш” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда Маданият вазирлиги репертуар-таҳририят шўъбаси мудири Ҳ.Абдурасулов “Ўзбек драматургиясида замон қаҳрамони образини яратиш муаммолари”, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти доценти, фалсафа фанлари номзоди М.Умаров “Замон қаҳрамонларини акс эттиришда режиссура масалалари”, Ўзбекистон Фанлар академияси, санъатшунослик институти докторанти Ш.Абдурасулов “Замонавий қаҳрамон образларининг саҳнавий талқини”, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори, санъатшунослик фанлари доктори М.Тўлахўжаева “Сени куйлаймиз, замондош” фестивалига талаб ва таклифлар” мавзуларида маъруза қилишди.
Бизнинг тушунчамиз бўйича замон, давр, тузум ўзгаришга юз тутар экан, ўша замон, ўша тузум билан бирга унинг қаҳрамонлари ҳам дунёга келиши, яралиши табиий, — дейди Маданият вазирлиги репертуар-таҳририят шўъбаси мудири Ҳ.Абдурасулов. — Шўролар тузумига қарши Ўзбекистон жадид адабиёти вакиллари Чўлпон, Абдулла Қодирий, Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Фитратнинг дунёга келиши, иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашган кўпгина миллат ўғлонларининг кўрсатган жасоратлари ва мустақиллигимизни бунёдга келтириш, уни мустаҳкамлаш йўлида фидойилик кўрсатган инсонлар ўз замонасининг қаҳрамонлари ҳисобланган бўлса, ҳозир ҳар бир жабҳада мардона меҳнат қилаётган ёшу қари замон қаҳрамони, деган номга сазовор бўлиши ўз-ўзидан маълум.
Дарҳақиқат, бугун кўмир конларида мардона меҳнат қилаётган ишчи, тошлоқ ерларда бўстонлар яратаётган боғбон, чорвачилик йўлида ғолибликка эришаётган фермер, саводи юксак мактаб ўқитувчиси, Ватан сарҳадларида ҳушёр тураётган ҳарбийларимиз, табобат ва ички ишлар ходимлари, қурувчиларимиз, боринг-ки, қайси жабҳада бўлмасин, юрт фаровонлигини кўзлаб заҳмат чекаётган ҳар бир фуқаро “Замон қаҳрамониман” дейишга юз чандон ҳақли.
Аммо адабиётда, айниқса, драматургияда юқорида биз тилга олган қаҳрамонлар образини яратиш масаласи қай даражада? Ана шу масала айниқса шу кунларда кўндаланг масала. Адиб ёки драматург жойларга бориб меҳнат жараёнини узоқ кузатмасдан, тасаввурда, эҳтимоллар ҳақиқатига таянган ҳолда иш кўрар экан, у яратган асар ҳам ёлғонни ростга дўндириш йўлида ҳалокатга юз тутиши турган гап.
Анжуманда мутахассислар томонидан ўзбек драматургиясида замон қаҳрамонини яратиш борасида нималар қилиш кераклиги борасида аниқ таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

"Театрларда замон қаҳрамони образини яратиш” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди

 

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol