Халқаро Олимпия куни муносабати билан юлдузли футбол шоу бўлиб ўтди
Ҳар йили 23 июнь куни дунё бўйлаб Халқаро Олимпия куни (International Olympic Day) кенг нишонланади.
Бундан роппа-роса 70 йил олдин - 1948 йилда Санкт-Морицда бўлиб ўтган Халқаро Олимпия Қўмитасининг 42-сессиясида 23 июнь санасини Халқаро Олимпия куни сифатида нишонлаш қарори қабул қилинган. Аввалига ушбу санада асосан марафон ўтказилган. Аммо, бугунги кунга келиб ушбу сана катта байрам сифатида нишонланмоқда.
23 июнь куни пойтахтимизда ташкил этилган байрамга ташриф буюрган мухлислар турли танлов, викторина, кўргазма, концерт ва бошқа кўнгилочар дастурлардан баҳраманд бўлишди. Ушбу тадбирни ташкил қилишдан мақсад Ўзбекистонда Олимпизм ғоясини тарғиб қилиш, аҳолини Ўзбекистон Республикаси спортчиларининг муваффақиятлари билан таништириш ва Олимпия ҳаракатини ривожлантиришдир.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва "ZO'R TV" телеканали томонидан ташкил қилинган ушбу байрам 23 июнь куни соат 8:00дан бошланди. "Миллий" стадионида профессионал ва ҳаваскорлар ўртасида марафон ташкил қилинди. Турли ёш тоифасида ўтказилган мусобақа ғолиб ва совриндорлари Миллий олимпия қўмитасининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.
Тадбирнинг асосий, иккинчи қисми айнан ушбу стадионда соат 18:00да бошланди. Байрамда етакчи спортчилар, Олимпия ўйинлари совриндорлари, шоу-бизнес вакиллари ҳам иштирок этдилар. Жумладан Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова, Шукурилло Исроилов, Муниса Ризаева, Райхон, Лола, Жаҳонгир Позилжонов, Шохруххон, Афруз гуруҳи, Уммон гуруҳи, Элдидо гуруҳи, Отабек Муталхўжаев, Ёдгор Мирзажонов, Шерзодбек ва кўплаб ижодкор қатнашишди.
Эстрадамиз юлдузларининг чиқишларидан сўнг шоу-бизнес ва ZO'R TV телеканали бошловчилари ўртасида футбол ўйини ўтказилди. Орада Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг ижтимоий тармоқларда ўтказган танлов ғолиблари ҳам тақдирланди.