“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ҳузурида қўшиқлар ва уларга ишланган видеоклиплар савиясини баҳолаш бадиий кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди
Маълумки, жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ҳузурида қўшиқлар ва уларга ишланган видеоклиплар савиясини баҳолаш бадиий кенгаши ўз ишини бошлади. Бадиий енгашни ташкил этишдан кўзланган мақсад, миллий эстрада қўшиқчилик санъатида ижод қилаётган хонандалар, ижрочи ёшлар фаолиятига амалий ёрдам бериш, ижодий ишларига ҳар томонлама кўмаклашиш, қўшиқлар ва уларга ишланаётган видеоклипларнинг ғоявий-бадиий жиҳатдан савиясини ошириш ва кенг оммага тарғиб қилишдан иборатдир. Бадиий кенгашга тақдим этилаётган видеоклипларда миллий қадриятларимизга, шарқона одоб-аҳлоқимизга, анъана ва орф-одатларимизга мутлақо зид, бегона бўлган ғоялар, спиртли ичимликлар тарғиботи, қонли террористик ҳаракатлар ва уруш, қўпарувчиликка майл уйғотувчи тасвирлар, ярим-яланғоч кийиниш, хосхоналарда ёнбошлаб қўшиқ куйлаш ҳолатлари, беҳаёликни ташвиқ қилувчи ҳатти-харакатлар ва ёшларда шаҳвоний ҳирс уйғотувчи тасвир ва ҳолатларнинг акс этмаслиги жоиздир. Шу маънода ишланаётган видеоклиплар сценарийси, унинг ғоявий бадиий жиҳати, қўшиқларнинг шеъри, унинг мазмун моҳияти кенгашда кўриб, ўрганиб чиқилиши кўзда тутилган.
15 февралга қадар, муассасага 17 нафар хонандалар ўз ижод намуналарини, видеоклипларини ижодий кўмаклашувчи Бадиий кенгаш гуруҳи аъзоларининг хулосасини олиш ва кўриб чиқиш учун тақдим этишди. Мазкур ижод намуналари Кенгаш томонидан кўриб чиқилди ва керакли хулосалар билдирилди.