Хонанда Лоланинг концерт дастуридан батафсил
Эстрада юлдузи Лола халқимиз томонидан узоқ кутилган концерт дастурини тақдим этмоқда. Дастурнинг илк куни мухлислар учун кутилмаган туҳфаларга бой бўлди. Кутилмаган дуэт тароналар, ноодатий саҳна, рақслар жилоси мужассам бўлган дастурга томошабинларнинг қўллаб-қувватлаши янада файз қўшди. “Энди йўқ” деб номланган қўшиғи билан старт олган концертнинг илк дақиқаларидаёқ мухлисларни жонлантириб юборди. Ўзгача рақс ва декорациялар ҳам барчани ҳайратлантирди.
Кўриниб турибдики, Лола раққослар билан жуда яхши тайёргарлик кўрган. Бир-бирини такрорламайдиган рақсларни деярли барча қўшиқда кузатишингиз мумкин.
Тўрт қисмни ўз ичига олган дастурда 4 хил имиджда намоён бўлди. Бу сафар ҳам у ўз либослари билан лол қолдирди. Кутилмаган образлар, либослар танлови концерт нафасига монанд ишланган.
Қўшиқлар танловига келадиган бўлсак, у концерт дастурини мухлисларнинг хоҳиш истаги билан яратганини саҳнада таъкидлаб ўтди. Танланган қўшиқлар унинг репертуаридаги энг сара ва хит тароналарни ташкил этади. Жумладан, “Кел”, “Юлдуз”, “Хайр”, “Соғинч”, “Яраланган қанот”, Хабар ол”, “Соғиндим”, “Love me” ва бошқалар. Шунингдек у “Кўникмадим” қўшиғини Шаҳриёр билан янгича талқинда куйлади. Шоҳруҳхон билан ижро этилган “Йиғлар осмон” дуэтисиз дастурни тасаввур қилиш қийин эди. Қолаверса, Рио-2016 Олимпиада ўйинлари олтин медель соҳиби Хасанбой Дўстматовнинг саҳнадаги иштироки кутилмаган совға бўлди. Лола ҳар доим концерт дастурини замонавий руҳда тақдим қилса-да, қандайдир қисмидан миллийлик уфуриб туради. Бу сафар у “Тановар”га рақсга тушмади. Аксинча “Отмагай тонг”ни ижро қилди. Шунингдек унинг қизалоғи Шаҳина ҳам онаси ижросидаги “Эркатой” қўшиғини куйлаб, рақсга тушди.
Мана шундай совғаларга бой бўлган концертдан бугун ҳам баҳра олишингиз мумкин. Биз эса хонандага омад тилаймиз.