ХАЛҚ АРТИСТИГА ХАЛҚ ЭЪТИРОФИ
Шу кунларда пойтахтимиздаги "Истиқлол" санъат саройининг атрофи одамлар билан гавжум. Бу инсонларнинг бари Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг жонли ижросидан баҳра олиш мақсадида ташриф буюрган мухлислардир.
Сарой ичкарисига кирар эканмиз, жонли ижродан баҳраманд бўлмоққа келганлар жуда гавжум. Баъзиларига жой ҳам топилмагидан тик оёқда туриб томоша қилмоқда.
Саҳна таърифига тил ожиз. Дастлаб кўзга ташлангани бутун саҳна бўйлаб очилган гуллар. Бир қарашда гулга ўхшаган мазкур декорация махсус ойнадан ясалган бўлиб, саҳналарга ўзгача кўриниш бағишлаган.
Эътиборлиси, саҳна бир эмас, икки эмас уч қисмга бўлинган. Ҳали бунақаси бўлмаган эди. 1- ва 3- қаватлари бўш, ўрта қаватида эса мусиқа асбоблари ўрнатилган ҳамда хонанда айни шу ўртадаги саҳнада туриб қўшиқларини ижро этди.
Мусиқа асбобларининг жойлашиши ҳам дид билан қилинган, ҳатто микрофон ёнидаги қўшиқ матнларига мўлжалланган махсус ускуна ҳам саҳна безаклари, нақшлар билан уйғун ҳолда япроқлар кўринишида ишланган.
Мусиқа янгради. Хонанда "Ман нола қилай.... " дея хониш қилиб, концерт дастурини бошлади. Озодбек Назарбеков қўшиқларга юрак дардини қўшиб жонли равишда ижро этди. Ҳаммаси жонли, барчаси самимий!
"Офарин" театри раққосаларининг қўшиқларга мос равишда саҳналаштирган рақслари ҳам томошабинларга манзур бўлди. Орада халқимизнинг севимли сўз устаси Шукрулло Исроилов ҳам чиқиш қилди.
Айниқса Шукрулло Исроиловнинг Озодбек билан бирга "Лаълихон" қўшиғига берган таърифи ҳаммага ёқиб тушди.
Озодбек Назарбековнинг айтишича, "Лаълихон" қўшиғи интернет ва унда кун бўйи вақтини сарфловчилар ҳақида экан. Эслатиб ўтамиз, мазкур тарона айни дамда тингловчилар диққат марказида.
Концерт ёрқин лаҳзалар-у, ёддан чиқмас онларга бой бўлди. Баъзи қўшиқларни тинглаб кимлардир йиғлади. Баъзи тароналар эса қувонч улашиб, рақсга туширди. Ватан мадҳига бағишланган сўнгги қўшиқ эса барчанинг дилини тўлқинлантириб юборган бўлса не ажаб.