Фатхулла Масудов: Юртбошимизни ҳаётлари-олий мақсадлари, шижоатлари бизларга ўгит бўлмоғи керак
Ассалому алaйкум азиз юртдошлар!
Яратганнинг қудрати ва хохиши билан 25 йил ичида Мухтарам Президентимиз Ислом Абдуғаниевич бошчилигида барча соҳаларда юксак ютуқларга эришдик. Мисол учун: Республикамиздаги барча вилоятлардаги бунёдкорлик ва қурилиш ишларида эришилган ютуқлар, фан-техника соҳасида, таълим, ишлаб-чиқариш, санъат ва маданият, спорт соҳасидаги ютуқларимизни олайлик. Одамзод қачон юксак хайрли марраларга етиб борди? Албатта йўл бошчиси тоза-қалб ва мард бўлса. Юртбошимизнинг юртимизга ва халқимизга меҳр-муҳаббатлари кучли эди. Ўтган аждодларимизнинг хам руҳларини шод этиш истагида қайтадан зиёратгохларни таъмирлаб, боғ-роғларга айлантиришда, ёш мустақил мамлакатнинг юксак хайрли ҳолатларга ва ютуқларга эришишида бош бўлдилар. Мамлакатни Мустақил Давлат деб эълон қилиш ва Давлат, халқ учун бор куч-қувватни сарфлаш катта мардликни ва тоза кўнгиллиликни талаб этади. Юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич шундай инсон эдилар. Энди бир гап: Интернетларда хар-хил гап-сўзлар айтаётган ва тўқиётган инсонларга “ўйлаб гапирайлик, ўйламасдан гапириш ёки ёлғон-яшиқлар тўқиш, бўхтонлар уюштириш оғир гунох саналади”. Шунинг учун виждонли бўлайлик. Хар-хил бўлар-бўлмас гапларни тарқатиб, шов-шув уюштириш ва носоғлом ҳолатларни юзага келтириш жиноятдир. Бутун дунё тан олган Ўзбекистон халқи севадиган Юртбошимизнинг оҳиратлари обод бўлсин. Жойлари жаннатда бўлсин Илохим. Шахсан мен Мухтарам Юртбошимизнинг рахбарлик даврида Давлатдан ва халқдан ҳалол меҳнат қилиб юксак ютуқларга эришишда катта имкониятлар билан таъминландим. Ҳар-бир қилган ҳалол меҳнатим Юртбошим ва Давлат тарафидан юксак бахоланди. Мен оддий ижодкорман. Ижодкорларнинг ҳалол мехнати ва фидоийлигини сезиб, қилинган меҳнат учун ижодкорларга раҳмат айтиш ва уларни рағбатлантириш қалби гўзал, кўнгли тоза, ўзи мард юрт отасининг қўлидан келади. Муҳтарам Президентимиз ҳеч бир соҳани ва ҳар-бир соҳа эгаларини - айниқса фидоийларни эътибордан четда қолдирмас эдилар. Чамаси 10 ёшларда бўлган ўғилча ўз отасидан “Бизнинг Юртбошимизни қаерлари оғрияпти? Касал бўлиб қолдиларми?” деб сўрабди. Шунда ота “Муҳтарам Президентимизнинг юраклари хаста” дебди. Шунда халиги бола отасига қараб “агар Президентимиз яшасалар, мен ўз юрагимни берган бўлар эдим” дебди. Шу гапни эшитиб менинг юрагим ларзага келди. Қаранг, ёш боланинг Юртбошимизга бўлган муҳаббатини. Бу – Республикамиздаги барча ўғил-қизларни “Сизлар менинг фарзандларимсизлар. Ҳаммангизни бағримга босаман” деб фарзандларимизга ғамхўрлик ва меҳрибонлик кўрсатган Юртбошимизга нисбатан азиз болаларимизнинг чуқур мехр-мухаббати деб биламан. Азиз қадрдонлар! Жуда оғир жудоликка учрадик. Тақдирдан қочиб қутила олмаймиз. Лекин бир нарсани илтимос қиламан. Юртбошимиз бош бўлган барча хайрли ишларни давом эттирайлик. Интернетга кирганди хар-хил нохуш ва бўлмағур маълумотларни ўқиб вақт кетгазмайлик. Тушкунликка тушмайлик. Бу ҳаёт синовлардан иборат. Синовлардан хайрли ҳолатларда ўтиш улуғ бахтдир. Мухтарам Президентимиз Ислом Абдуғаниевичдек юртни севиш, халққа меҳр-муҳаббатда бўлиш, юрт учун, Ватан учун ёниб яшаш бизнинг бурчимиздир. Агар биз бўлмағур хаёлларга берилмай, Муҳтарам Юртбошимиз бош бўлган хайрли ишларни давом эттирсак Юртбошимизнинг руҳларини шод қилган бўламиз. Юртбошимизни ҳаётлари-олий мақсадлари, шижоатлари бизларга ўгит бўлмоғи керак. Юртимизнинг тинчлик, осойишталигини ва халқимизнинг саломатлигини мустаҳкам ушлаш барчамизнинг бурчимиздир. Биз Юртбошимизни севамиз ва хайрли меҳнатларини хеч қачон унутмаймиз.
Ўзбек Миллий Академик драма театри раҳбари,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист
Фатхулла Масудов
3 сентябрь 2016 йил.