ЗИЁДА ЯККАХОН КОНЦЕРТИГА ТАЙЁРЛАНЯПТИ
Айни кунларда ҳам ижод, ҳам фарзанд тарбияси билан бирга рўзғор юмушларига ҳам улгураётган таниқли хонанда Зиёда Қобилова ижодида янгиликлар бисёр.
Яқиндагина “Асалим” таронасига клип суратга олиб, мухлислари эътиборига ҳавола этган хонанда янги қўшиқлар яратишга киришган. “Ҳозирда бир дақиқага бўлсин бўш ўтирганимиз йўқ. Ҳар куни иш, янги қўшиқлар яратиш, шунингдек турли хил тадбир ва тўй хизматларига бориб тиниб-тинчиганимиз йўқ...” – дейди Зиёда биз билан суҳбатда.
Хонанданинг айтишича, шу яқин кунларда иккита янги тарона ҳозирланмоқда. Унинг биринчиси “Вой-вой” дея номланган. Сокин йўналишда куйланаётган мазкур қўшиқ “Севикли ёрим” каби қалбингизда илиқ ҳис-туйғуларни уйғотиб юбориши тайин.
Иккинчи таронанинг номи “Паришон”. Бу қўшиқ эса сокинликдан умуман йироқда. Аммо шўх тарона деб ҳам бўлмайди. Хонанданинг алоҳида таъриф беришича, “Паришон” бошқа қўшиқларга умуман ўхшамайди. Ўзга бир дунё. Бунга қўшиқни тинглаганингиздан сўнг амин бўласиз. Тез кунларда эса иккала тарона ҳам премьера қилиниши кутилмоқда.
Дарвоқе, икки янги қўшиқнинг матни, мусиқаси ва ғояси ёш бастакор Баҳодир Низомовга тегишли. Эслатиб ўтамиз, яқин йиллар ичида Зиёда айни шу ёш ижодкор билан омадли композицияларни яратмоқда.
Яна бир қайноқ янгиликдан бохабар этамиз. Шу йилнинг ноябрь ойида Зиёда Қобилованинг навбатдаги яккахон концерт дастури ташкил этилиши режалаштирилган. Хонанда бу концерт дастурига ҳозирданоқ тайёргарлик кўряпти.