ТАНҲО: ИЛК ПРЕМЬЕРА, ИЛК СУҲБАТ ВА ИЛК ҲАЯЖОН...
Шоу-бизнесда яна бир янги мафтункор овоз соҳибаси омадли қадам ташлади. Танҳо тахаллуси билан ижод қилишни бошлаган Динара бугун соат 18:20 да “Ўзбегим таронаси” радиоси орқали “Икки юрак” номли илк таронасини тақдим этди.
Машҳур телебошловчи, режиссёр ва продюссер Бурхон Шаропов хонандага устозлик қилиб, санъат оламида йўл-йўриқ кўрсатмоқда. Биринчи қўшиғини мухлисларига тақдим этиш учун радиога ташриф буюрган хонанда ҳамда унинг продюссери Бурхон Шаропов премьера лойиҳасининг навбатдаги меҳмони бўлишди.
Қўшиқ радио тўлқинларида жаранг сочганидан сўнг мухлислар фикр-мулоҳазалари тингланди. Тарона барчага маъқул келди. Мухлислар билан бўлган жонли суҳбат жараёнида эса тингловчилар Танҳонинг овози ва истеъдодига юқори баҳо беришди. Уларга қўшиқ ҳам, унинг шеъри ҳам жуда манзур келди.
Бошловчи Раъно Алимова билан суҳбат жараёнида бўлган Танҳо премьерадан аввал мухлислар қўшиқни қандай қабул қилиши ҳақида ўйлаб ҳаяжонланаётганлигини айтиб ўтган эди. Аммо, ҳаммаси кутилганидан ҳам аъло даражада ўтди.
“Икки юрак” таронаси замонавий эстрада йўналишида тайёрланган. Қўшиқнинг сўзи ва мусиқаси Алишер Таирга тегишли. Хонанданинг бундан ташқари яна 3 та таронаси тайёр экан. Улар турли хил йўналишларда бўлиб, тез кунларда мазкур қўшиқларнинг ҳам премьерасини қарши оласиз.
Яна бир янгилик, “Икки юрак” таронасига тез кунларда клип суратга олиш ишлари ҳам бошлаб юборилади. Клип трек йўналишида тасвирга олиниши режалаштирилган. Видеомаҳсулот тайёр бўлгач, экслюзив тарзда биринчилар қаторида сайтимизда томоша қилиш имкониятига эга бўласиз.