“НАФС” КИНОФИЛЬМИНИНГ ТОМОШАСИ БОШЛАНДИ

Сана: 25.03.2014 10834

Бугундан эътиборан шаҳримиз кинотеатрларида “Нафс” фильмининг намойиши бошланди. Алишер Навоий номидаги кинотеатрида 25-март куни соат 15:00 да илк тақдимоти бўлган премьера сифатида тақдим этилган кинокартина йиғилган барча томошабинларни ҳам кулдирди, ҳам йиғлата олди. 

Зал киномухлислар билан тўлди. Фильмда бош ролларни мафтункор ҳонандамиз Шаҳзода, Муниса Ризаева, актёрлар Фаррух Соипов, Улуғбек Қодиров ижро этишган бўлса, шунингдек, бир қатор санъат вакиллари “Божалар” гуруҳи, Рухшона, Шаҳзода Матжонова, Умид Искандаров каби ижодкорларнинг ижроларидан ҳам баҳраманд бўлишингиз мумкин. Айтиш керакки, картина кулгуга бой кадрларга бой. Ҳаётда учрайдиган воқеалар хазил-мутойиба орқали акс эттирилган. 

Фильмнинг ҳақиқий маликаси сифатида латофатли ва гўзал хонанда Шаҳзодани кўриш мумкин. Бу гал кўпчилик хонандани ўзгача қиёфада кўрди. Тасаввур қиляпсизми, ҳамма нарсага қодир, истаган кишисиниг қиёфасига кира олувчи Шаҳзодани... Бир қарасангиз, Улуғбек Қодиров, бир қарасангиз бошқа бир инсон.

У фильмда чўпон йигитнинг орзуларини рўёбга чиқарган ва уни бошқариб турадиган сеҳргар образида намоён бўлади. Шаҳзоданинг актрисалик қобилиятига тан берган кўплаб томошабинлар хонандани яна бир очилмаган қиррасидан бохабар бўлишди.

 

Хонанда Муниса Ризаева эса шўх ва шаддод қиз Севара образида намоён бўлган. Айнан унинг ижро маҳорати ва юморга бой хати-ҳаракатлари томошабинларнинг юзида таббасум уйғотди. Балки ҳаётда ўйнаб-кулиб яшашни орзу қиладиган, шаддод Севара қаҳрамони Муниса хислатларига мос келганлиги учун яратган образи табиий ва таъсирчан чиққандир. Зеро хонанда санъатга илк қадам қўйган кезларида бир неча фильмларда ўзини актриса сифатида синаб кўрган эди. Йиғилган тажриба мазкур фильмда унга қўл келгани шубҳасиз.

Улуғбек Қодиров ҳам ҳар доимгидек аъло даражада роль ижро этган. У талқин этган қаҳрамон, қишлоқ турмуш тарзида улғайган содда чўпон йигит бугун катта оламга тушиб, қийинчиликларга дуч келганида унга маслаҳат беради. Йўл-йўриқ кўрсатиб, кези келганда унга танбеҳ беради. 

Содда чўпондан машҳур инсонга айланган Самир образида эса Фаррух Соиповни кўрасиз. Актёрнинг бош рольда иштирок этиши кўплаб мухлисларига манзур келди. У талқин этган образдаги Самир шохона ҳаётни орзу қилиб, унда яшаб кўрганидан сўнг ўзининг чўпон йигит сифатида турмуш кечириши мақул эканлигига амин бўлади. 

Эпизодларда роль ижро этган таниқли актёрлар Бобур Йўлдошев, Умид Искандаров, хонанда ва актёр Жаҳонгир Позилжоновлар ҳам чиройли чиқиш билан кадрларда муҳрланишган. Шунингдек фильмда яна кўплаб машҳурларни кўришингиз мумкин. 

 

ФИЛЬМДАН ОЛИНГАН ТААССУРОТЛАР:

Азиза Аловуддинова, коллеж ўқитувчиси: – Фильм менга жуда ҳам ёқди. Айниқса, Улуғбек Қодиров ва Шаҳзода маромига етказиб ўйнашган. Уларнинг мухлиси бўлганим учун эмас, ҳақиқатдан ҳам қаҳрамонларини ҳаётий қилиб ўйнашгани учун айтяпман. Айниқса, Шаҳзода ҳар бир сўзни дона-дона қилиб, кўз қарашлари билан тушунтириб қўйишига эса гап бўлиши мумкин эмас. Худди Голливуд актрисаларига ўхшаб кетган. Ҳатто улардан қолишмайдиган даражада. Фильмни кузата туриб унинг асл мақсадини тушунгандек бўлдим. Унда ҳозирги кунда инсонларнинг ўз севган касби, жуфти ҳалоли ва ҳаёти бўла туриб, унданда зиёдасини ҳавас қиладиганлар тақдири ва муқаддимаси акс эттирилган. Бошқалардек дабдабали ҳаётни орзу қилган инсонлар ҳақида ҳикоя қилинган. Қисқаси баднафслик хусусида. Бундан ташқари, бугунги кундаги баъзи бир юлдузларни ҳам ўққа олишгани жуда яхши бўлибти. Аслида санъаткор ким ва қандай бўлиши керак деган саволлардан тортиб, унинг жавобларигача. Фильм синглимга ҳам ёқди. Ҳаммаси зўр, фильм ижодкорларига катта минатдорчилик билдирамиз. 

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol