Дилдора Қосимова баҳорги либослари коллекциясининг тақдимотини ўтказди
Баҳор фасли, табиатнинг гўзаллиги ижодкорни илҳомлантирмасдан қўймайди. Яратувчанликка чорлайди. У хоҳ хонанда бўлсин, хоҳ рассом, хоҳ дизайнер...
Табиатнинг тароватидан илҳомланган дизайнер Дилдора Қосимова ҳам масвумга хос янги либосларини яратди. Баҳорий либослар коллекциясини ўз яқинлари, эстрада хонандалари ва актрисалар: Шаҳзода, Нилуфар Усмонова, Шаҳзода Матчанова, Динейра, Халимахоним ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида тақдимоти ўтказди.
Ҳар бир яратилган либос алоҳида санъат асари десак янглишмаймиз. Унда миллийлик ва замонавийлик уйғунлашган бўлиб, ҳар томонлама қулай ва бежирим тикилган. Матолар кўзни қувнатади. Муҳими юқори дид ва нозиклик билан яратилган.
Биз сизларни мазкур либослар тақдимотидан суратга олинган фотосуратларни томоша қилишга чорлаб қоламиз. Ўйлаймизки, либослар сизга ҳам манзур бўлади.