Шарофатхоннинг келинлари ёхуд наврўз муборак
Янгиланиш, ёшариш байрами бўлган наврўз айёмига ҳам саноқли кунлар қолди. Янги кун маъносини англатадиган мазкур байрамга аллақачон тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган. Наврўз айёмини сумалаксиз тасаввур қилиш қийин. Шу сабабли хонадонларда буғдой ундирилиб, қўни-қўшнилар билан бирга катта қозонда сумалак пиширилади.
Ана шундай сумалак базми баҳонасида бир гуруҳ ижодкорлар мусиқали фильм суратга олишни режалаштиришди ва бугун тасвирга тушириш ишларининг илк куни якунига етди. Бу лойиҳага бош-қош бўлган телебошловчи Феруза Нодировани фильм тўғрисида батафсил маълумотга эга бўлиш мақсадида суҳбатга тортдик.
-Жараённи кечишини кузатиб, айтиш мумкинки мазкур фильм жуда ҳам қизиқарлига ўхшайди?
-Анчадан буён халқимизнинг севимли фильмлари бўлган “Суюнчи”, “Маҳаллада дув-дув гап”, “Келинлар қўзғолони”, “Тўйлар муборак” асосида бир мусиқали кино яратиш ниятида эдим. Шу кунларда Руслан Мирзаев ва Озод Шамсга бу таклиф билан чиқдим. Уларга ҳам маъқул келгани боис, ҳамжиҳатликда бу ғоя ишлаб чиқилди. “Шарофатхоннинг келинлари ёхуд наврўз муборак” деб номланган мусиқали фильмни суратга олиш жараёнинг мана биринчи куни бўлиб ўтмоқда. Ушбу кинода ўзбек киноси ва эстрада юлдузларини таклиф этганмиз. Уларнинг бир қисми ҳозир шу ерда.
Бугунги тасвирга тушириш жараёни Шарофатхоннинг уйида бўлиб ўтмоқда. Шарофатхоннинг 10 та келини бўлиб, улар билан биргаликда сумалакка тайёргарлик жараёнлари олиб борилмоқда. “Суюнчи”, “Маҳаллада дув-дув гап”, “Келинлар қўзғолони”, “Тўйлар муборак” фильмларининг қаҳрамонлари янги кўринишда бу фильмимизда гавдаланади. Саида Раметова, Гулхумор Абдуллаева, Феруза Собитова, Зуҳра Солиева, Зарина Низомутдинова, Феруза Норматова, Ситора Алимжонова, Муқаддас Саъдуллаева, Ҳилола Ҳамидова, Ҳадича Қурбонова, шунингдек, Сардор Раҳимхон, Улуғбек Раҳматуллаев, Шаҳзода, Райҳон, Гули Асалхўжаева, Отабек Муталхўжаев, Ёдгор Мирзажонов ва бошқаларни ушбу фильмда кўришингиз мумкин. Бу картинада бош ролларни Зарина Низомутдиноваамда Отабек Муталхўжаев ижро этади. Шуни алоҳида айтиш жоизки, фильм қувноқ диологларга, қизиқали воқеаларга ҳамда мусиқий чиқишларга бой фильм ҳисобланади. Ўйлайманки, бу ижод маҳсули томошабинларга наврўз совғаси бўла олади.
Суратга олиш жараёнларидан кўриш мумкинки, фильм жуда ҳам қизиқарли. Биз эса суратга олиш жараёнининг кейинги кунлари қандай руҳда ўтишига қизиқдик ва яна бир бор шу фильм ҳақида тўхталишга қарор қилдик. Шундай экан, воқеалар ривожини кузатиб боринг.