“Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?” мазмунидаги тарғибот тадбирларига старт берилди
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан жойлардаги таълим муассасаларида маданият ва санъат намоёндалари томонидан “Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?” мазмунидаги тарғибот тадбирлари ташкил этилди.
Тарғибот тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ташаббуси билан Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, “Ўзбектеатр” ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси, Ёшлар маданият ва санъат маркази ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда жойларда ўтказиладиган тадбирларда иштирок этиш учун республикадаги таниқли шоир, ёзувчи ва ёш олимлар, кино ва театр актёрлари, санъаткорлар ва эстрада хонандалари ҳамда “Ниҳол” мукофоти совриндорларидан иборат тарғиботчилар гуруҳлари шакллантирилди.
“Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?” мазмунидаги тарғибот тадбирлари ўқувчи ва талаба ёшларни умуминсоний ва миллий қадриятлар, юксак инсоний фазилатлар руҳида тарбиялаш, уларнинг онги ва қалбини мафкуравий, маънавий ва ахборот таҳдидларидан ишончли ҳимоя қилиш, уларда ғоявий иммунитет ва фаол фуқаролик позициясини шакллантириш мақсадида жорий йилда барча умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий таълим муассасаларида ташкил этилади.
Тадбирлар ўтказиладиган барча таълим муассасаларида тадбир бошлангунга қадар юртимизда мустақилликкача бўлган давр ҳамда мустақиллик йилларида амалга оширилган ислоҳотларни акс эттирувчи “Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?” номли фотокўргазмалар намойиш этилади.
Шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус,
касб-ҳунар таълими маркази ҳамда Халқ таълими вазирлиги томонидан ҳар бир таълим муассасасида “Кеча ва бугун” номли стенд ташкил этилади ва унда таълим муассасаси қиёфасининг, моддий-техника базасининг олдинги ва ҳозирги кундаги ҳолати акс эттирилган фотосуратлар ва уларнинг қисқача изоҳлари жойлаштирилади.
Бундан ташқари, барча таълим муассасаларида “Ибратли йўл” номли стенд ташкил этилади ва унда мазкур таълим муассасасида таълим-тарбия олган, бугунги кунда давлат ва жамият ривожига муносиб ҳисса қўшаётган собиқ ўқувчи-талабаларнинг, шунингдек, юрт тинчлиги йўлида хизмат қилаётган ҳарбийларнинг фотосурати, уларнинг ҳаёт йўли ҳақида қисқача маълумотлар жойлаштирилади.
Таълим муассасаларида ўтказиладиган бундай тадбирлар ўқувчи-ёшларнинг мафкуравий иммунитетини янада кучайтиришга, уларда ватанпарварлик, шукроналик ҳиссини камол топтиришга ва келажакка бўлган мустаҳкам ишончини янада орттиришга ҳамда ёшларни турли салбий оқим ва ёт ғоялар, зарарли иллатлар таъсиридан ишончли асраш ва ҳимоялашга хизмат қилади.