Рашид Ҳолиқов барча гап-сўзларга нуқта қўйди
“Ўзбегим Таронаси” радиосида қўшиқ премьерасини жонли равишда ўтказиш учун юлдузлар ташрифи тобора анъанага айланиб бормоқда. Бугун ташриф буюрган юлдуз эса барчани соғинтирган Рашид Ҳолиқов бўлди.
18:00 да бошланган интервью бошловчи Дилмурод Ғуломов билан бирга олиб борилди. Бу шунчаки интервью эмас, ҳақиқатлар ошкор қилинган мароқли суҳбатга айланди.
Тинимсиз қўнғироқлар ва СМС марказга СМС хабарлар сони тинмади. Барча мухлислар ва тингловчилар Рашид Ҳолиқовни тинглаб турганларидан мамнун эканликларини билдириб, хабарлар жўнатишди. Суҳбат узоқ давом этган танаффус сабабларини баён этиш орқали бошланди. Дилмурод Ғуломов айнан ФМ 101.00 “Ўзбегим Таронаси” радиоси орқали расмий маълумотлар берилишини алоҳида таъкидлаб ўтди ва Рашид Ҳолиқовнинг шахсан ўзи буни тасдиқлаб, ҳали ҳеч қаерда ва ҳеч бир ОАВга маълум қилмаган барча сирларни ошкор қилди, шу тариқа барча гап-сўзларга ҳам нуқта қўйилди.
Дилмурод Ғуломов таъкидлаганидек, Рашид Ҳолиқовнинг танаффусига сабаб бу унинг саломатлиги билан боғлиқ бўлган ва асосан кўпчилик бу воқеани мотоцикл билан боғлаганди. Рашид Ҳолиқов эса бундай тахминга ўз фикрини билдириб ўтди.
- Ҳа ҳақиқаттан ҳам саломатлигим туфайли ижоддан узоқлашдим, яъни оёғим лат еганди. Бироқ бу мотоцикл билан боғлиқ эмас. Мотоциклда ҳаракатланишни яхши кўраман, бироқ ундан йиқилиб жароҳатланмаганман. Аслида бир йил аввал оилам билан Бали оролига дам олгани борганимизда дам олиш масканларидан бирида оёғимни қандайдтр ҳашарот чақиб олганди. Ана шу жароҳат кейинчалик катта муааммога айланди, хатто Германияда жарроҳлик операциясини қилдиришга мажбур бўлдим. 2013-йил шахсан мен учун оғир келди, Худога шукур, айни вақтда саломатлигим ўз жойида, кўриб турганингиздек радиога ҳам ўзим бемалол юриб кириб келдим. Кайфиятим, руҳиятим ҳам аъло даражада. Бугунги янги премьера қилинаётган тарона билан яна ижодга қайтганимни билдирмоқчиман. Аввалоси, айтишим керак, илк расмий интервьюм ҳам мен учун қадрдон радиода олиб борилаётганидан жуда мамнунман. Бундан ташқари, "POPCORN" журналининг илк сонида ҳам оилам билан иштирок этдик. Бу ҳам ижодим яна жонланганидан далолат беради.
Бу шахсан Рашид Ҳолиқов томонидан айтилган гаплар бўлиб, Дилмурод Ғуломов айтганларидек, “Барча тахминлар энди ўтмиш. Асл ҳақиқат “Ўзбегим Таронаси” радиосида биринчилардан бўлиб янгради!”.
Янги тақдим этилган тарона эса марҳум Толиб Қулиев томонидан бундан бир неча йиллар аввал куйланган “Румба” қўшиқининг янгича тарзда ижро этилган талқинидир. Аранжировкаси янада жонланган ва замонавий руҳда тайёрланган тарона барчани рақсга чорлайди. Тарона премьераси олдидан Толиб Қулиев хотирасига илиқ сўзлар айтилди.
Шунингдек, ана шу вақтда кутилмаганда студияга сўз устаси Шукрулло Исроилов кириб келди. Кутилмаган ташриф эса Рашид Ҳолиқовга, Дилмурод Ғуломовга, қолаверса барча тингловчиларга янада кўтаринки кайфият баҳш этди. Қадрдон дўстлар саломлашгандан сўнг, янги тарона жаранг сочишни бошлади.
Тарона янграгач, одатга кўра тингловчилар фикрлари қабул қилинди. Аввало барча мухлислар ва тингловчилар Рашид Ҳолиқовнинг ташрифидан бошлари осмонга етганлигини билдирдилар.
Интервью якунланиши арафасида Дилмурод Ғуломов блиц савол-жавобларни ўтказди. Жавоблардан маълум бўлишича, Рашид Ҳолиқов эндиликда байрам тадбирларида, тўй оқшомларида ҳам иштирок этиши кутилмоқда.
Якун сўзи сифатида Рашид Ҳолиқов ўзининг дилидаги тилакларини изҳор қилди. Барча тингловчиларга яқинларини, айниқса ота-оналарини қадрлашларига, қолаверса, ўз саломатликларига ҳам жиддий эътибор беришларига тилакдош эканлигини билдирди.