“Снежная Королева” - юртимизда ўтказилаётган илк оилавий мюзикл намойишидан
Ўзбекистонда илк бор ўтказилиши режалаштирилган ва айни дамда катта тайёргарликдан сўнг “Истиқлол” санъат саройида намойиш этилаётган “Снежная Королева” номли оилавий мюзикл болажонлар учун ажойиб совға бўлди десак янглишмаймиз. 8, 9, 10-январь кунлари “Истиқлол” санъат саройида бўлиб ўтаётган мазкур мюзикл янги йил таътилини сўнги кунларида болажонларга қувонч улашиб, таътил янада мароқли ўтишини таъминламоқда.
Мазкур мюзиклда бош ролларни маҳоратли хонандалар Сардор Милано, Саида, Жасур Мирсагатов ҳамда Камилла ижро этишган. Иқтидорли санъаткорлар, ёрқин кастюмларда чиройли чиқишлар, бетакрор ва байрамона декорация барчаси сиз учун тақдим этилмоқда. Биз мазкур мюзикл намойишидан сўнг ташриф буюрганларнинг мамнун бўлиб чиқиб кетишаётганини, дастур ҳақида илиқ фикрлар билдиришганини гувоҳи бўлдик.
Феруза ая: Бугун набирам билан мазкур мюзклга ташриф буюрдик. Телевизор орқали “Қор маликаси” фильмини, мултфильмини бир неча марта кўрганмиз. Бизга жуда ҳам ёққан. Айнан шу эртак жонли равишда намойиш этилиши янада манзур бўлди. Айниқса актёрларнинг чиқиши жуда ёқди. Набирам кўриб турганинигиздек жудаям хурсанд. Дастурни ташкиллаштирган жамоага миннатдорчилик билдирамиз.
Даврон Файзиев: Бугун икки нафар фарзандим билан шу мюзиклга келдик. Болаларим эртак қаҳрамонлари билан учрашганидан жудаям хурсанд бўлишди. Болаларбоп мана шундай дастурлар кўпайса нур устига аъло нур бўлар эди.
Зарина: Мен бугун синглимни мана шу мюзиклга олиб келдим ва кетган вақтимга ачинмадим. Биз ўйлаганимиздан ҳам яхшироқ дастур бўлибди. Айниқса қаҳрамонларнинг либослари, ижро маҳорати барчани диққатини тортди. Менимча ҳеч ким зерикиб қолмади. Кўпчиликка манзур бўлди.
Ҳақиқатдан ҳам бу мюзикл нафақат болажонларга, балки катталарга ҳам манзур келди. Биз ҳам бу дастурнинг ижодий жамоасига омад тилаб қоламиз. Мюзикл эса давом этади.