“Қочқин” картинаси оммага тақдим қилинди
Куни кеча пойтахтимизда жойлашган Алишер Навоий номли киносаройида режиссёр Баҳром Ёқубовнинг “Қочқин” деб номланган картинасининг намойиши бўлиб ўтди. Мазкур кинотақдимотда эстрадамизнинг ҳамда кино оламининг ёрқин намоёндалари иштирок этишди.
Анъанага мувофиқ, премьера бадиий қисм билан бошланди ва уни маҳоратли актёр, Ўзбекистон халқ артисти Лутфулла Саъдуллаев ҳамда ёш ва умидли актриса, бошловчи Луиза Расулова олиб борди.
Мазкур картинада бош ролларни Шаҳзода Муҳамедова ҳамда Алишер Усмонов ижро этган. Бундан ташқари Мирза Азизов, Беҳзод Муҳаммадкаримов, Бобур Йўлдошев ва бошқаларни кўришингиз мумкин.
Фильмда оддий таксичи бўлиб ишлаб юрган йигитнинг бой бўлиш ва осон пул топиш илинжида юргани, кўрган-кечирганлари ва фожеали ўлими ҳақида ҳикоя қилинади. Айни дамда бу кинокартинани юртимиздаги етакчи кинотеатрларда томоша қилиш имконига эгасиз.