Йилнинг энг кўп хит тароналарини яратган Сардор Раҳимхондан янги альбом “Санамжон”
Эстрадамизнинг ёрқин намоёндаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхон йил бўйи тинмай ижод қилиб, бир қатор халқимизга ёқадиган композицияларни тақдим этиб келмоқда. Шунга қарамай, йилнинг энг кўп хит тароналарини яратган Сардор Раҳимхон яна бир туҳфа тайёрлади. Хонанда янги “Санамжон” альбомини ёзди ва мухлислар эътиборига ҳавола қилмоқда.
Шу билан бирга, битта эмас, бир нечта янги қўшиқларни, бир вақтнинг ўзида сайтимиз орқали премьера қилмоқда. Бу ҳақида Сардор Раҳимхоннинг ўзи шундай дейди. “2015 йил ижодимдаги энг омадли йиллардан бири бўллди. “Санамжон”, “Маликам энди қара”, “Тушларимга киринг отажон”, “Дўст”, “Жамилахоним ёмонлар” каби хит тароналарим шу йилда чиқди. Қолаверса, бу мусиқий асарлар янги “Санамжон” номли альбомимдан ўрин олган. Шунингдек, альбомда жамланган тароналар ичида 4 тасининг премьераси мухлисларни кутмоқда. Улардан бири “Без тебя” деб номланган композиция бўлиб, Серж Маршел билан ҳамкорликда яратилган. Бу мусиқий асарўдан умидим катта. Ўзимга ҳам жуда ёқади. Унга клип суратга олишни ҳам режалаштирганмиз.
Яна бири “Маҳаббатим” қозоқ тилида куйлаган таронам. Азиза Низамова сўзи билан яратилган бўлиб, мусиқасини ўзим басталаганман. “Азизам” номли анчадан бери анонс қилинаётган қўшиғим дўстим Жонибек Муродов мусиқаси ва шоир Бобур Бобомурод сўзи билан яратилган. Мазкур таронанинг клипи ҳам тайёр. Уни янги йил арафасида тақдим этишни режалаштирганмиз. “Оhang Media” компанияси билан чиқарилган ушбу янги альбом мухлисларга ёқади деган умиддаман. Катта катта тақдимот маросимларини ёқтирмайман. Шунинг учун ҳам тақдимот қилмасдан халқимизга ҳвола қилдим.” – дейди хонанда Сардор Раҳимхон.