Сардор Мамадалиевнинг концерт дастуридан батафсил
Санъатимизнинг хушовоз хонандаси Сардор Мамадалиев жорий йилдаги яккахон концерт дастурини халқимиз ҳукмига ҳавола қилмоқда. 15-16-17 ноябрь кунлари “Истиқлол” санъат саройида ўтказилаётган дастур юқори кайфиятда давом этмоқда. Хонанда мазкур дастурига катта тайёргарлик олиб борганини концертнинг илк дақиқалариданоқ сезиш қийин эмас эди.
Концерт “Ота-она” деб номланган тарона билан бошланди. Ундан сўнг “Индамади” номли қўшиғини мухлисларга армуғон этди. “Менга”, “Қалам” композицияларини жонли ижрода куйлаганда, мухлислар ҳам жонланишди. Хонандани узоқ ва давомий олқишлар билан қўллаб қувватлаб туришди.
Дастурни биринчи блогининг қисқа танаффусида Сардор Мамадалиевнинг шогирди ўзининг дилтортар қўшиғини ижро этиб берди.
“Дўстинг ит” деб номланувчи қўшиқ билан концертнинг иккинчи блоги бошланди. Сўнг устозларни хотирлаб ижро этган “Наманган” қўшиғини жонли ижрода мухлисларга армуғон этди. Шунингдек, “Умр”, “Лазги”, “Дўстим” тароналари билан концерт давомланди.
Концерт дастурини қизиқчи Зокир Очилдиев олиб борди. Дастур давомида бир қатор пародиялари билан томошабинлар кайфиятини кўтарди. Мазкур концертда қўшиқларга мос равишда гўзал рақс дасталарини “Тошкент зеболари” ва “Тумор” рақс ансамблининг лобар қизлари тақдим этишди. Концерт давомида “Йигит ноласи”, “Рақамлар”, “Ажралишдик”, “Кўнглимда бир ёр”, “Попури”, Рўмол”каби мусиқий асарлар ҳам ижро этилди. Ватанимизни мадҳ этган таронасини эса ташриф буюрганлар ўзгача руҳда кутиб олишди. Сардор Мамадалиевнинг концерти номи билан аталувчи қўшиқ билан дастур ўз ниҳоясига етди.
Бир сўз билан айтганда концертда томошабинлар кутган, қалбидан чуқур жой эгаллаган тароналар ижро этилди. Концерт давомида мухлислар мамнунлигини уларнинг олқишларидан, нигоҳларидан билиб олиш мумкин эди. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ҳали олдинда яна бир кун бор! Биз Сардор Мамадалиевнинг ижодига омад тилаб қоламиз ва концертнинг сўнгги кунини юқори кайфиятда якунлаб олишига тилакдошмиз.