Мадина Мумтоздан оилавий тарона ҳамда видеоклип
Оналик бахтидан баҳраманд бўлаётган ҳонандамиз Мадина Мумтоз куни кеча “Ўзбегим Таронаси” радиостанцияси орқали “Болажон” номли таронасини пермьерасини тақдим этди.
Аслида “Болажон” таронаси яратилиш тарихи қандай? Бу саволга жавоб олиш учун Мадина Мумтоз билан боғландик. Унинг айтишича, бу қўшиқни ижро қилиш таклифи Мадинанинг онаси Раъно Ярашева томонидан билдирилган. Шеъриятда ҳам қалам тебратувчи Раъно Ярашева Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоирнинг китобидан ана шу шеърни ўқиб берганлар, шеър матни эса Мадина қалбига тезда жойлашган. Шу тариқа бу шеърни қўшиққа айлантириш жараёни бошланган экан. Мусиқасини басталаш Мусахон Нурматовга ишониб топширилган. Бу таронани яралишида Раъно Ярашеванинг ҳиссаси катта бўлган. Сабаби Мадина Мумтоз фарзандининг парвариши билан банд бўлган. Мусиқа тайёр бўлгач, Мадина Мумтоз ва унинг турмуш ўртоғи Мурод Чустига бағоятда манзур бўлди. Мусиқаси октябрь ойида тайёр бўлган бўлса-да, Мадина Мумтоз қўшиқни бутунлай тайёр ҳолга келтиришга шошилмади. Таронани тингласангиз, қўшиқ охирида шеър ўқилган. Бу тўртликни ким ўқиганлигини биласизми? Бу ҳақда Мадина Мумтоз бизга маълум қилди. Шеърнинг сўзлари Мадинанинг турмуш ўртоғи Мурод Чустининг ҳам дилидан жой эгаллагани сабаб, бу тўртликни ҳонанданинг турмуш ўртоғи ўқишга қарор қилди. Мадина Мумтоз таронани тинглагач, айнан шу жиҳати ҳақида тингловчиларнинг фикри қандай бўлганлиги билан қизиқмоқда. Шундай экан, фикрларингизни кутиб қоламиз!
Айни вақтда эса “Болажон” таронасига клип суратга олинмоқда. Клип автобиографик хусусиятга эга бўлиши мумкин. Сабаби суратлардан ҳам сезган бўлсангиз, видеода Мадина Мумтознинг оила аъзолари иштирок этмоқда.
Мадина эса эндиликда яна иэод қилишга жиддий киришганини маълум қилиб, яқинда иккита янги таронасини тақдим этишини айтиб ўтди. Яна бир маълумот Мадина Мумтоз мухлисларини хурсанд қилиши аниқ. Май ойининг ўрталарида Мадина “Туркистон” саройида концерт дастурини тақдим этишни мўлжалламоқда. Мадина Мумтоз ҳамда уни доимий равишда қўллаб-қувватлаб турган турмуш ўртоғи Мурод Чустига олдиндаги режаларида фақат омадлар тилаб қоламиз!