“Вақт” фильми учун саундтрек тасвирга олинди
Ўзбек кино оламида яна бир картина суратга олинди. “Вақт” номи остида яратилаётган янги фильм тез кунларда катта экранларга чиқиши кутилмоқда. Мазкур картина учун яратилаётган саундтрекнинг тасвирга олиш ишлари бўлиб ўтди. Саундтрек эстрадамизнинг бетакрор юлдузи Муниса Ризаева томонидан ижро этилди.
Мусиқий асарнинг сўзи картина режиссёри Нодира Муродхўжаева қаламига мансуб. Мусиқаси устида Мардон Отажонов иш олиб борган. Аранжировкаси Жасур Бадалбоевга тегишли. Бугунги кундаги муаммоларни ўз сюжетида акс эттирган, ҳаётий воқеаларга асосланган мазкур фильм орқали ижодкорлар бугунги кунда айрим ёшлар тўғри йўлдан адашиб, гиёҳвандлик, безорилик каби иллатларга ўралашиб қолаётганлари ва бу ёмон ҳолатларга олиб келаётганини кўрсатиб, ёшларга ҳаётнинг қадрига етишлари, ўзаро муносабатларда самимийлик, инсонийлик каби фазилатларга кўпроқ эътибор беришларини уқдиришдан иборат.
Картина жанри прихологик драма жанрида бўлиб, Нодира Муродхўжаева режиссёрлигида тасвирга олинган. Унда бир неча видеоклиплардаги роллари билан назарга тушган умидли ижодкор Шароф Шарапов, Лайли Гусейнова ҳамда Мардон Отажоновлар асосий образларни талқин этишган. Шунингдек, таниқли актёрлардан Элёр Носиров, Барно Қодирова, Гулҳумор Абдуллаева, Сайёра Назирова, ёш хонанда Жаҳонгир ҳамда “Эътироф-2014” мукофоти совриндори, раққоса Шодиёра Омоновалар иштрок этишган. Фильмни тасвирга олишда операторлик вазифасини Шерзод Умаров бажарган.
Айни дамда сиз суратга олиш майдончасидан тақдим этилган фотосуратлардан баҳраманд бўлишингиз мумкин. Фильм эса тез кунда катта экранларга чиқади. Ҳозирча кузатишда давом этамиз.