Байраминг муборак азиз ватаним, жонажон Ўзбекистоним!
Юртимиз узра ватанимиз мустақиллигининг 24-йиллиги кенг нишонланмоқда. Мустақиллик ўзлик демакдир. Ўз қадр-қимматини англаш, аждодларини таниш ва улуғлаш, ўз инсоний шаънини, ор-номусини баланд тутиш, жаҳон ичра ўз ўрнига эга бўлиш саодатидир мустақиллик. Мустақиллик янги имкониятлар эшигининг калитидир. Шунинг учун ҳам мустақиллик кунига энг улуғ, энг азиз айём дея таъриф берамиз.
Президентимиз Ислом Каримов таъбири билан айтганда, мустақиллик, бугунги эркин ҳаёт, бугунги беқиёс имконият ҳар қайси миллат, ҳар қайси авлод тарихида фақат бир марта бериладиган улуғ ва ноёб неъматдир.
Бугун юртимизнинг қайси гўшасига борманг, мамлакатимиз тинч-осойишта, шаҳару қишлоқларимиз обод ва фаровон, одамларнинг кайфияти кўтаринки, хонадонлари файзу баракали, дастурхони тўкин, эртанги кунга ишончи мустаҳкам. Шундай экан, биз ватанимизни янада гуллаб-яшнаши йўлида ўз ҳиссамизни қўшиб, унга муносиб фарзанд бўлайлик. Тинчлигимизнинг қадрига етиб, эзгу мақсадлар сари олға интилишда давом этайлик.
Ҳар бир юртдошимиз юзида шукроналик ҳисси акс этиб, дилларни байрам қувончи эгаллаган бир пайтда биз ватанимиз мустақиллигининг 24-йиллиги муносабати билан сизни ва оила аъзоларингизни самимий қутлаймиз. Ҳамиша юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин. Мустақиллигимизнинг 24-йиллик шодиёнаси яна бир бор муборак бўлсин.