Адиз Ражабов айни дамда нималар билан банд?
Ўзбек киносининг махоратли актёрларидан бири, ўзининг бир-биридан қизиқарли образлари билан халқимиз назарига тушган киноижодкор Адиз Ражабов бугунги кунда нималар билан банд? Актёр иштирок этган қайси фильмлар катта экранларга чиқиш арафасида? Айни дамда қандай фильмларда роль ижро этмоқда? Барча саволларга жавоб топиш мақсадида Адиз Ражабов билан боғландик.
“Яқинда премьераси кутилаётган фильмлардан “Устюртга йўл” картинаси, “Мехмонхона” сериалини айтиб ўтишим мумкин. “Устюртга йўл” фильми ҳақида тўхталадиган бўлсам, унда Акбархўжа Расулов, Наргиза Салмонова ва бошқа ўзбек ҳамда қорақалпоғистонлик актёр ва актрисаларни кўришингиз мумкин. Картина воқеалари Устюрт чўлида қурилган Нефткимёвий завод ва мазкур заводга ташриф буюрган талабалар атрофида бўлиб ўтади. Биламизки бу завод Ўрта Осиё бўйича биринчи марта Кореа билан ҳамкорликда амалга оширилаётган йирик лойиҳа ҳисобланади. Шу сабабли картинанинг бир қисми Кореанинг Сеул шахрида бўлиб ўтди. Бу фильмда иккинчи даражали ролни ижро этганман.
“Меҳмонхона” телесериали эса “Ёшлар” телерадиоканали буюртмасига биноан “Ўзбектелефильм” Давлат унитар корхонаси томонидан суратга олинган йигирма қисмдан иборат телесериал ҳисобланади. Мазкур сериалнинг режиссёри Акром Исаков бўлиб, сериал воқеалари пойтахтимизда жойлашган меҳмонхоналарда бўлиб ўтади.
Айни дамда суратга тушаётган картиналаримиз ҳақида тўхталадиган бўлсам, Санжар Шодиевнинг “Танҳо юлдуз” деб номланган фильмида бир қатор актёрлар ва актрисалар билан бирга роль ижро этмоқдамиз. Айни дамда суратга олиш ишлари қизғин давом этмоқда. Қолаверса, Ёлқин Тўйчиев сценарийси асосида суратга олинаётган “Артист” ситкомида ҳам қизиқарли образлардан бирини яратяпман.” – дейди ижодий янгиликлари билан бўлишаётган маҳоратли актёр Адиз Ражабов.
Демак, тез кунда севимли актёрингиз иштирокидаги бир нечта картина ва сериалларни томоша қилиш имкониятига эга бўласиз. Шундай экан, кузатишда давом этинг.