“Танҳо юлдуз ёҳуд сени ўзим бой қиламан” суратга олиш жараёнидан батафсил!
Ўзбек киносида янги фильмлар суратга олиниб, омма эьтиборига ҳавола этилаётгани ҳақида маълумотлар бериб бормоқдамиз. Бу кинокартиналар қайсидир жиҳати билан бир бирига яқиндек. Айни дамда суратга олиш ишлари қизғин олиб борилаётган “Танҳо юлдуз ёҳуд Сени ўзим бой қиламан” фильми эса бошқа картиналардан буткул фарк қилади. “Ортиқча омад”, “Қалб кўзгуси”, “ 7 - ҳайкал”, “Жигарбандим” фильмларининг режиссёри Санжар Шодиев томонидан тасвирга олиниётган янги мазкур юлдузли кинокартина барчани бирдек эътиборини ўзига тортиши турган гап.
Санжар Шодиев ҳар бир киносида ўзгача йўналиш, ўзгача шижоат ва кайфият билан ёндашиши барчага маълум. “Танҳо юлдуз ёҳуд сени ўзим бой қиламан” ана шундай картиналар сирасидандир. Буни биргина фильм ғояси-ю ижодий жамоадан билиб олиш мумкин. Абдуваҳоб Ғаниев операторлигида суратга олинаётган бу фильмнинг сценарий муаллифи Зулҳумор Солиева. Фильмнинг асосий ғояси шоу-бизнес ҳаётини қамраб олган бўлиб, реал воқеаларга асосланган ва бадиий тўқималар билан сайқалланган.
Кинокартинада бир қатор машҳур актёр ва актрисалар, шунингдек таниқли хонандалар кутилмаган образларда намоён бўлади. Жумладан фильмда Абдували Ражабов, Равшан Собиров, Жавоҳир Зокиров, Адиз Ражабов, Шоҳида Исмоилова, Зарина Низомутдинова, Саида Раметова, Абдураим Абдуваҳобов, Саид Мухторов, Мирза Азизов, Санжар Шодиев, Алишер Отабоев, Зуҳра Солиева ва бошқа 30-40 нафар таниқли юлдузлар жалб этилган.
Картинада маҳоратли актёр Адиз Ражабов ҳозирча сир тутилаётган ижодкор билан фильм учун дуэт тарона куйлаши кутилмоқда.