"Йигитали" фильми премьераси муносиб тарзда ўтди

Сана: 12.02.2014 4698 қайноқ

12-февраль куни Алишер Навоий киносаройида "Йигитали" фильми халқимизга тақдим этилди. Совуқ ҳароратли кунда ташкил этилган премьера илиқ нафасда ўтди. 

Премьерага ташриф буюрган меҳмонларнинг сони шу қадар кўп эдики, ҳатто баъзилар тик туришга мажбур бўлишди. Томошабинлар премьера бошланишини сабрсизлик билан кутишди. Фильм ижодкорлари саҳнага таклиф этилишидан аввал саҳнага бир неча ҳонандалар чиқиш қилиб, томошабинларни янада жонлантиришга ҳаракат қилишди. Аввал саҳнага энди ижодга қадам қўяётган ёш ҳонандалар бирин-кетин таклиф этилди. 

Сўнгра эса ўзбек шоу-бизнесида муносиб ўрин эгаллаган Нилуфар саҳнага чиқиб, барчанинг олқишига сазовор бўлди. Унинг шўх "Тантанам мани" таронаси томошабинлар кайфиятини кўтаришга хизмат қилди. 

Шундай юқори кайфият ила "Йигитали" фильми ижодкорлари таклиф этилди. 

Фильм учун астойдил меҳнат қилган ҳайдовчидан тортиб фильм директоригача барчанинг номи тилга олинди. 

Картина режиссёри Иқбол Мелиқўзиев барчага ёқимли томоша тилаган ҳолда фильм тақдимотини очиқ дея эълон қилди. 

Фильм намойишидан аввал эса "Ўзбекфильм" киностудияси маҳсулоти қисқа метражли "Сеҳрли чироқ" анимацион картинаси намойиш этилди. Бу мультфильм кўпчиликнинг кайфиятини кўтаришга хизмат қилди. Айниқса, кичик ёшдаги болалар хархашаларини тўхтатиб, экранга "михланишди". 

Шундан сўнг, фильм бошланди...

Картина сайтимиз жамоасининг олқишига сабаб бўлди. Ижодкорларга меҳнат учун миннатдормиз. Премьерага ташриф буюрган меҳмонларнинг фикрлари билан қизиқдик. 

Мафтуна (талаба):

- Кино қабул қилиниши енгил. сюжетлар, Гап-сўзлар тушунарли тилда дейиш мумкин. Йигиталининг елиб-югуришлари қизиқ. Кулгу берадиган хазил элементлари ўз ўрнида қўлланилган. Бу фақат ёшларга эмас, балки оилавий томошага мўлжалланган кино бўлибди. Шахсан ўзим ҳам оилам билан ташриф буюрдим ва онам ва синглимга ҳам бу фильм жуда ёқди. 

 

Жамшид (тадбиркор):

- Одам дам олди лекин. Айниқса кулгули сюжетлари кайфиятимизни кўтарди. Муҳаммадисо акани ижролари ҳар доимгидек аъло даражада. Кейин кўзга кўринган актёрлар танлангани ҳам фильм сифатини оширибди. 

 

Зилола (педагог):

- Ман бу фильмни бир жиҳатини айтмоқчиман. Кинони тарбиявий жиҳати катта. Ота-нага ҳурмат, айниқса фарзандлик бурчига урғу берилган. Бу йўлда Йигиталининг ҳатти-ҳаракатларидан айрим ёшлар ўрнак олса арзийди. Оилавий фильм бошқаларга ҳам маъқул бўлган деб ўйлайман. 

 

Дилноза (уй бекаси):

- Кино кайфиятимизни кўтарди. тўғри фильм бошида азгина зериккандек бўлдик, кейин эса қизиқ лавҳаларидан кўзимизни узолмадик. Бошидаги мультфильм фарзандларимга ҳам, менга ҳам ёқди. Ҳаётда менимча Йигиталига ўхшаган қийналган одамлар бор, лекин ҳаммаси ҳам ўзини оёққа турғазиш учун бу даражада ҳаракат қилмаса керак. 

 

Ўқиганингиздек, фикрлар турлича. Сиз ҳам 13-февральдан "Йигитали" картинасини томоша қилиш учун пойтахтимиз кинотеатрларига бемалол ташриф буюришингиз мумкин бўлади. 

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol