“Лафзи ҳалоллар” фильмининг намойиши бўлиб ўтди
14-апрель куни “Лафзи ҳалоллар” фильмининг намойиши бўлиб ўтди. Мазкур картинанинг премьераси аъло даражада ўтказилди. Тақдимотга ўзгача тайёргарлик кўрилган бўлиб, ҳар бир фильм ижодкорлари урфга кираётган қизил йўлакча орқали киносаройга киришди. Ижодкорлар қизил йўлакчага бирма-бир таклиф этилар экан, улар тақдимот олдидаги ҳис-ҳаяжонларини мухлислар билан бўлишишди.
Шунингдек, фильм жараёнидаги қийинчиликлар, уйқусиз тунлар, машаққатли меҳнатлари борасида сўзлаб беришди. Сўнг барча фильм намойиш этиладиган залга таклиф этилди. Картина режиссёри саҳнага чиқиб, ажойиб шеърни айтиб берди ва фильмнинг бош қаҳрамони Масрур Усмоновни таклиф қилди. Масрур Усмонов фильм номи билан аталган саундтрекни куйлаб берди.
Сўнг Шуҳрат Нуралиев барча фильм ижодкорини саҳнага чорлади. Картина ижодкорларини бирма-бир томошабинларга таништирар экан, уларнинг қилган меҳнатларини алоҳида таъкидлаб ўтди ва ўз миннатдорчилигини изҳор этди. Шундан сўнг фильм намойишига навбат берилди.
Мазкур фильмда Масрур Усмонов, Шодиёра Омонова, Азиза Бегматова, Лола Элтоева, Мирзабек Ҳолметов, Ҳамид Тошпўлатов ва бошқалар такрорланмас образларни яратишган.