Ҳеч кимга ўхшашни истамайдиган Акбар Атамуҳамедов
Айни кунларда янги альбом устида иш олиб бораётган “SADO” ансамбли турли жанрдаги қўшиқлар устида ишлашмоқда. Ансамблнинг асосий йўналиши etno-rok услуби бўлгани учун ҳам асосий қисмини ана шундай композициялар ташкил этади. Репертуаридаги аксарият қўшиқларнинг мусиқасини ансамбль яккахони Акбар Атамуҳамедовнинг ўзи басталайди, қолаверса жамоанинг барча аъзолари истеъдодли ва профессионал созандалардан ташкил топганини мухлислари яхши билишади.
Бир неча кун аввал “SADO” ансамбли навбатдаги янги қўшиғи учун видеоклип суратга олиш ишларини бошлаб юборишди. Бу ҳақда Акбар Атамуҳамедов шундай дейди:
“Навбатдаги “Ҳеч кимга ўхшагим келмади” деб номланган қўшиғимизнинг яратилишига тўхталадиган бўлсам, унинг матни Техника фанлари доктори, профессор Абдурашид Ҳасанов томонидан ёзилган. Ўзбекона ҳислатлар акс этган шеърни эшитганимдаёқ унга мусиқа басталаш фикри уйғонганди. Сабаби, унда ўзбек фарзанди халқи учун, қолаверса, оиласи учун яшаши, жон куйдириши, ўз қадриятини ўйлаши, камтарлиги каби бошқа халқлардан ажралиб турувчи жиҳатлари ёзилганди.
Кейинроқ Абдурашид ака билан маслаҳатлашиб, матннинг айрим жойларига ўзгартириш киритдик ва мусиқа басталадим. Мусиқасининг яратилиши ҳам ажойиб бўлди, ҳаёлимда ўйлаб юрган мусиқани шеърга туширишим билан бир кунда уни тайёрлаб ёздик. Куни кеча ана шу қўшиқ учун видеоклип суратга олдик. Ўйлайманки, янги қўшиғимиз ва видеоклипмиз мухлисларимизга манзур келади”.
Янги видеоклип ҳаётий мавзуни ўз ичига олган бўлиб, унда элимиз ардоғидаги актёрлар, яъни Нозим Тўлаҳўжаев ҳамда Раъно Шодиевалар ўзига хос образларни талқин этишган. Тез кунда янги видеоклип премьерасини сайтимиз орқали томоша қилишингиз мумкин бўлади, унга қадар эса суратга олиш жараёнларидан фоторепортажни эътиборингизга ҳавола этамиз.