Наврўз байрами учун болаларга аталган муносиб туҳфа
Наврўз миллий байрамимиз учун болаларга катта совға тайёрланди. “Ёшлар” телерадиоканали буюртмаси асосида “Ўзбектелефильм” студияси томонидан болалар учун янги саргузашт фильм суратга олинди.
“Дониёрнинг саргузаштлари” номли картина бош режиссёри Мирмақсуд Охунов бўлса, таниқли аёл режиссёрларимиздан Дурдона Тўлаганова ушбу фильмда иккинчи режиссёр сифатида ишлади. Мазкур картина ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш учун айнан Дурдона Тўлаганова билан боғландик:
- Фильм аввало, фарзандларимиз учун ёқимли туҳфа бўлиши кутилмоқда. Номидан ҳам маълум, фильм Дониёрнинг ҳаётида рўй берувчи ноодатий воқеаларга бағишланади. Бош қаҳрамон Дониёр ўз дунёсида яшайди, кўп хаёл суради ва ана шу хаёлларида ўзини турли қиёфаларда тасаввур этади. Масалан, актёр Дониёр ёки ихтирочи Дониёр... Бу фильм нафақат болаларга, балки катталарга ҳам қизиқ бўлади. Сабаби ҳар бир инсон бола бўлган, шўхлик қилган, биз улғайсакда болаларга хос айрим хусусиятлар қалбимизни тарк этиши қийин. Балки фильмни томоша қила туриб, кимдир ўз ёшлигини эсласа ёки ўша даврга тушгандай тасаввур этса ажаб эмас.
Бу маълумотлар бизни ҳам қизиқтириб қўйди. Сарвар Каримов қаламига мансуб сценарий асосида суратга олинган картинада машҳур, эл севган актрисалар Тўти Юсупова, Азиза Бегматова, Раъно Шодиева, Гулчеҳра Эшонқулова, Наргиза Солмоновалар иштирок этган. Шунингдек, фильмда таниқли клипмейкерлардан Ёдгор Носиров ва Наримон Султохўжаевни ҳам кўришингиз мумкин. 1 ойдан ортиқ давом этган суратга олиш ишлари тугаб, айни вақтда монтаж ва дубляж ишлари олиб борилмоқда.
Суратга олиш жараёни турли воқеаларга бой бўлмаслиги мумкин эмас, сабаби фильмда ёш болалар иштирок этишган. “Бола бўлса шўх бўлсин” деганларидек, бу картинада иштирок этган болалар ҳам эҳтиётсизликми сабаб ноҳуш вазиятга тушиб қолишди. Дурдона Тўлаганова фильмдаги сюжетлардан бирини бизга маълум қилишга мажбур бўлдилар:
- Kартинада бош қаҳрамон Дониёрнинг энг яқин дўсти, синфдошининг дарсдан қочадиган лавҳаси бор. Бу вазиятда синфдаги бошқа ўқувчилар унинг дарсдан қочаётганлигини билиб, “Доктор келади” дея қўрқитишади. Шунда Дониёрнинг дўсти қўрққанидан дарахтга югуриб чиқиб кетиши керак эди. Бир неча бор репетиция қилинди ва охиргиси 2-3 ҳафтага суратга олиш ишларини тўхтаб қолишга сабаб бўлди. Чунки Дониёрнинг дўсти дарахтга чиқиб кетаётган вақтда тасодифан йиқилиб тушди. Оғир жароҳат олмаган бўлса-да, биз унинг тўлиқ тузалиши учун суратга олиш ишларини бироз кечиктиришга қарор қилдик.
Ҳа, ҳар бир фильм суратга олишнинг ўзи мураккаб жараён, бунда болалар иштирок этса бу жараён янада қийинлашишига яна бир бор амин бўлдик. Наврўз байрами арафасида экран юзини кўрувчи мазккур “Дониёрнинг саргузаштлари” фильми ижодкорларига ишларида ривож тилаймиз! Бу картинадан сўнг эса Дурдона Тўлаганова янги “Хато” номли кинофильм суратга олиш ишларини бошлайди