"Ўзбекфильм" киностудиясидан жиддий мавзудаги янгилик

Сана: 31.01.2014 4275

“Ўзбекфильм” киностудияси янги фильм тақдим этиш арафасида. “Қудуқ” дея ном олган навбатдаги экран асари 7-февраль куни премьера қилинади. 

Мазкур фильм нафақат кўплаб сонли томошабинларни ўзига жалб қилади, балки узоқ вақтлар давомида қалбларимизда муҳрланиб қолади. 

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, одамгарчилик ўзи нима? Шу биргина сўз замирида кўплаб тушунчалар мужассам. Бу борада ҳар бир инсоннинг ўз ҳақиқати бор. Режиссёр Мансур Васатийнинг янги “Қудуқ” картинаси ана шу каби мураккаб ва чигал, инсоний муносабатлар, унинг ечимлари каби мавзуларга бағишланган. 

Картинада бош рольни маҳоратли актёр Муҳаммадисо Абдулхаиров ижро этган. Унинг қаҳрамони оддий қудуқчи, лекин жуда раҳмдил, меҳрибон, содда ва ўта ишонувчан. Унинг ўз орзулари бор ва кинода унинг ҳаракатлари, интилиши томошабинни бефарқ қолдирмайди. Қаҳрамон инсонларга яхшилик қилиш учун елиб югуради-ю эвазига турли гап-сўзлар, мазах гапларини эшитади. Шундай бўлса-да, у олдинга интилишдан тўхтамайди. Бироқ кутилмаганда яқин инсони оғир ҳасталикка дучор бўлади. Картина ечими қандай бўларкан? Бу саволга жавобни энди кинофильмни томоша қилганимиздан сўнг билиб олишимиз мумкин.

Картинада шунингдек, Лола Элтоева, Халил Мигнаров, Неъмат Олимов, Шуҳрат Умаров ва бошқа маҳоратли актёрлар жамоаси иштирок этган. 

Муҳаммадисо Абдулхаиров билан ушбу фильм ҳақида суҳбат уюштириб, бу актёрнинг аслида биз билмаган кўплаб томонлари борлигига ишонч ҳосил қилдик. Аввало уларнинг самимийлиги бизни қувонтирди. Муҳаммадисо Абдулхаировнинг айтишича, бу фильмда иштирок этиш ўзи учун катта мактаб бўлди. 

- Бу шахсан Муҳаммадисо Абдулхаиров ижоди учун бошқача қирра. Ғофир Шермуҳаммад сценарийси асосида Мансур Абдуҳолиқов суратга олди. Лекин Мансур айнан мени бош рольга тасдиқлатиш учун анча ҳаракат қилди, сабаби асосан комик ролларни ижро қилганим учун эътирозлар ҳам бўлган. Бироқ Мансур мақсадига эришди ва мен бош рольда иштирок этдим. Аслида мен актёрманку, қандай роль берилса шундай ижро қиламанда! Бу роль шу вақтгача ижро қилган ролларимдан анча фарқи бор. Мана шунча меҳнат эвазига яратилган фильм премьерасига ҳам 1 ҳафта қолди. Фильм ҳақида кўп гапирмайман, сабаби ўн марта гапиргандан бир марта кўрган яхши ва бу кино ҳақиққаттан ҳам томоша қилишга арзийди. 

"Фильм қай жиҳатлари билан томошабинни ўзига қизиқтириши мумкин?", - дея савол берганимизда қуйидагича жавоб берди:

-Бу кинода одамгарчилик мавзуси етакчи бўлиб, инсонлар ўртасидаги бугунги кунда камёб бўлиб қолган меҳр-оқибат кўрсатиб берилган. Инсон тирик экан, у доим интилишдан тўхтамаслиги, ўз имкониятларидан фойдаланиши керак, тўғри бу баъзан мушкул кечар, лекин бу ҳаёт - у бешавқат, тез – кутиб турмайди. Кинофильмга “Қудуқ” деб ном берилган бўлса-да, фақат шу сув чиқариш ёки сув билан таъминлаш мавзусида эмас, балки фалсафий маъноси бор. Асосий урғу одамгарчилик, лафз каби сифатларга берилган. 

Фильмда иштирок этиш мушкул кечмадими?

- Кино суратга олиш вақтида икки нафар қудуқчи билан кўп мулоқотда бўлиб, уларнинг фаолиятини ўрганишга ҳаракат қилдим. Биласизми, уларнинг ўз дунёси борлигини тушундим. Сабаби мана 5, 10, 20 метрлик чуқурликка тушиб кетишади ва ташқи олам уларни қизиқтирмайди. Шу сабаб ҳам фильм фалсафаси ўзгача дейиш мумкин. 35-40 кун давомида мен ҳам шундай чанг-тўзонларда Жиззахда суратга олиш ишларида қатнашдим. Картина ёзнинг энг жазирама кунларида суратга олинди. Лола Элтоева мени рафиқам ролини ижро қилди. 

Ҳа, сўнгги вақтларда Лола Элтоева ва Муҳаммадисо Абдулхаиров рамзий жуфтликка айланиб қолишди десак хато бўлмайди. Ҳаётда улар қандай муносабатда? 

-Лола билан биз ҳам курсдошмиз, ҳам дўстмиз. Шунинг учун бўлса керак роль ижро қилиш ҳам осон кечади. 

“Сизга катта раҳмат. Юртимизга кўз тегмасин. Ҳеч қачон ҳеч ким касал бўлмасин. Доимо қувонч ҳамроҳингиз бўлсин” дея ўз сўзини якунлаган Муҳаммадисо Абдулхаировни жиддий қиёфада кўришни истаганлар, бундан ташқари, маданий ҳордиқ олишни истаганлар “Қудуқ” фильмини томоша қилиш учун 8-февральдан кинотеатрларга ташриф буюришлари мумкин. 

 

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol