Ягона миллий йўналишда клип суратга олдирди
Ягона ўзбек шоу-бизнесида ўзига хос овоз ва ноодатий ижод намуналари билан ажралиб туриши сир эмас. Яқинда деярли барча радиостанциялар орқали премьера қилинган "Мен ўша Ягона" таронаси учун видеоклип суратга олиш ишлари олиб борилди.
Тасвирга олиш ишлари пойтахтимиз Тошкентнинг гўзал масканларидан бирида бўлиб ўтди. Шўх ва рақсбоп оҳангдаги таронанинг мусиқасини Убайдулла Каримов басталаган бўлса, матни Бобур Умаровга, аранжировкаси Тимур Раҳмоновга тегишли.
Видеоклип трек йўналишида суратга олиниб, унда Ягонани миллий образда кўришингиз мумкин. Бу борада унга доимий ҳамкори стилист Лидия Андрэ ёрдам берди. Суратга олиш жараёнидан олинган фотосуратларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Дилмурод Турдибоев клипга режиссёрлик қилган. Миллийлик руҳини ҳадя этувчи клип тез кунларда тайёр бўлиб, сайтимиз орқали тақдим этилади. Бизни кузатишда давом этинг.